UZEX халқаро биржа ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) жаҳон биржа ҳамжамиятидаги ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб, етакчи халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда давом этмоқда.
Тайпей шаҳри (Тайван)да бўлиб ўтган Халқаро фьючерс бозорлари ассоциацияси (AFM) аъзоларининг 28 йиллик умумий йиғилиши ва Халқаро биржа анжумани натижаларига кўра, UZEX раҳбари фьючерс савдоси соҳасидаги энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири бўлган AFM Ижроия кенгаши аъзолигига сайланди.



UZEXнинг AFM бошқарув органига сайланиши Ўзбекистоннинг халқаро биржа ҳамжамиятидаги ўрни ва аҳамияти ортиб бораётганини тасдиқлайди ҳамда мамлакатда замонавий биржа механизмлари, молиявий инфратузилма ва бозор институтларини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг халқаро миқёсда юксак эътироф этилганидан далолат беради.
Мазкур қарор UZEXга биржа соҳасини ривожлантиришнинг глобал жараёнларида фаол иштирок этиш, замонавий молиявий воситаларни жорий этиш, илғор халқаро тажрибаларни ўзлаштириш ҳамда дунёнинг етакчи биржалари ва молия институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Тадбирнинг яна бир муҳим натижаси сифатида 2027 йилда Ўзбекистонда AFMнинг 29 йиллик умумий йиғилиши ҳамда Халқаро биржа анжуманини ўтказиш тўғрисидаги қарор бўлди.
AFM тарихида илк бор ушбу даражадаги йирик халқаро тадбир Марказий Осиё минтақасида ўтказилади. Тадбирда дунёнинг етакчи биржалари, клиринг ташкилотлари, инвестиция ва молиявий институтлар, брокерлик компаниялари ҳамда замонавий биржа инфратузилмасини таъминловчи илғор технологик компаниялар раҳбарларининг иштироки кутилмоқда.
Халқаро анжуман товар ва молиявий бозорлар ривожланишининг асосий тенденциялари, фьючерс савдосини ташкил этиш, клиринг ва ҳисоб-китоб тизимлари, хатарларни бошқариш, рақамли трансформация ҳамда биржа инфратузилмаси фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалаларини муҳокама этиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.



Форумнинг ўтказилиши Ўзбекистонда деривативлар бозорини ривожлантириш ва фьючерс савдосининг замонавий инфратузилмасини шакллантириш бўйича ишлаб чиқилган UZEX стратегиясини амалга ошириш доирасида алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Мазкур стратегиянинг асосий элементларидан бири "UZEX Global" қўшма корхонасининг ташкил этилиши бўлиб, у маҳаллий тадбиркорларга халқаро деривативлар бозорлари ва нарх хатарларини хеджирлашнинг замонавий воситаларидан фойдаланиш имкониятини беради.
Ўзбекистонда AFMнинг йиллик йиғилиши ва Халқаро биржа анжуманининг ўтказилиши UZEXнинг халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда мамлакатни Марказий Осиёда биржа савдоси ва молиявий инфратузилмани ривожлантиришнинг истиқболли марказларидан бирига айлантиришда муҳим қадам бўлади.
Маълумот учун: Халқаро фьючерс бозорлари ассоциацияси (AFM) дунёнинг турли мамлакатларидаги биржалар, клиринг ташкилотлари, молия институтлари ҳамда профессионал бозор иштирокчиларини бирлаштирган халқаро нотижорат ташкилотдир. Ассоциация 1998 йилда Буэнос-Айрес шаҳрида (Аргентина) ташкил этилган.
AFMнинг асосий мақсади ташкил этилган биржа ва дериватив бозорларни ривожлантиришга кўмаклашиш, илғор халқаро тажриба алмашинувини таъминлаш, профессионал мулоқотни ривожлантириш ҳамда жаҳон биржа индустрияси иштирокчилари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEX халқаро биржа ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамламоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (8–14 июнь)
- UZEX давлат харидлари бўйича “Xarid” платформасини янгилади
- Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Ghazanfar Bank ўзбек-афғон савдосини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратмоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (1 – 7 июнь)
- Миллий мусиқа санъатини ривожлантириш йўлидаги эзгу ташаббус