Ўзбекистон ва Беларусь товар биржалари стратегик ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
24 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Беларусь ишбилармонлар кенгашининг 5-йиғилиши доирасида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ҳамда “Беларусь универсал товар биржаси” ОАЖ ўртасида Стратегик ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ҳужжат Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистон Республикасига амалга оширган ташрифи доирасида имзоланди. Мазкур келишув икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва биржа савдоси соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган навбатдаги амалий қадам бўлди.
Келишувга мувофиқ, савдо иштирокчилари учун биржа савдоларига ўзаро кириш имкониятларини кенгайтириш, тизимли ахборот алмашинувини ривожлантириш, замонавий рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда биржа механизмларидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдо ҳажмини ошириш назарда тутилган.
Тадбир давомида тадбиркорлар учун Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Беларусь универсал товар биржаси фаолиятига бағишланган алоҳида тақдимотлар ўтказилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар биржа савдоси имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Минск шаҳрида Беларусь универсал товар биржаси базасида очилган Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг хорижий савдо майдончаси икки мамлакат ўртасида биржа савдоларини мунтазам ташкил этиш ва ўтказишда муҳим инфратузилма вазифасини бажармоқда.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Ўзбекистон ва Беларусь товар биржалари стратегик ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (16 – 22 февраль)
- Афғонистонда UZEX биржасининг тақдимоти ўтказилди
- UZEX ҳафталик дайжести (9 – 15 февраль)
- UZEX ҳафталик дайжести (2 – 8 февраль)
- Биржада 2025 йил якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди