Афғонистон бизнес вакиллари биржага ташриф буюрди
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида Афғонистон Ислом Амирлиги бизнес доиралари вакилларидан иборат делегациянинг амалий ташрифи бўлиб ўтди.
Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, биржа механизмлари орқали ўзаро ташқи савдо ҳажмини оширишдан иборат бўлди.
Тадбир аввалида меҳмонлар учун биржанинг асосий фаолият йўналишлари, савдо инфратузилмаси ҳамда электрон савдо тизимлари бўйича тақдимот ўтказилди. Тақдимот доирасида Афғонистон билан савдога ихтисослашган биржанинг алоҳида платформаси ҳамда Афғонистоннинг Ghazanfar Bank билан ҳамкорликда ташкил этилган хорижий савдо майдончасига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, савдо иштирокчиларини аккредитациядан ўтказиш тартиби, савдоларда қатнашиш шартлари ҳамда экспорт-импорт операциялари ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда биржа механизмларидан фойдаланиш имкониятлари ва афзалликлари батафсил тушунтирилди.




Қайд этилганидек, мазкур афзалликлар қаторига савдо ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, нархларнинг бозор тамойиллари асосида шаклланиши, ишончли контрагентлар базасининг кенглиги, бизнес-жараёнларнинг тезкор ва қулайлиги, вақт ва молиявий ресурсларни тежаш имконияти, шунингдек, тўловлар ва товар етказиб беришнинг кафолатланиши каби омиллар киради.
Тадбир доирасида ишбилармонлик учрашувлари ва икки томонлама B2B музокаралар ташкил этилди. Унда Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “O'zkimyoimpeks” МЧЖ, “IFODA Agro” МЧЖ ҳамда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси вакиллари иштирок этиб, ўз маҳсулотлари ва ҳамкорлик имкониятлари юзасидан тақдимотлар ўтказдилар.
Музокаралар натижасида минерал ўғитлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материалларини биржа орқали Афғонистон бозорига экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Ушбу жараёнларни қўллаб-қувватлаш мақсадида биржанинг етакчи аъзолари томонидан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биржа савдоларида самарали иштирок этиш ва амалий кўмак кўрсатиш юзасидан брокерлик хизматлари таклиф этилди.
Шу билан бирга, делегация аъзолари биржанинг савдо залида электрон савдолар жараёнини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлиб, амалий жиҳатдан савдо механизмлари билан яқиндан танишдилар.
Ташриф якунида меҳмонлар биржа фаолиятини юқори баҳолаб, бундай амалий мулоқотлар ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ва самарали алоқаларни кенгайтириш ҳамда биржа савдолари орқали икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини янада оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Афғонистон бизнес вакиллари биржага ташриф буюрди
- UZEX ҳафталик дайжести (20 – 26 апрель)
- UZEX да телефон рақамлар савдоси жадал ўсмоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (13 – 19 апрель)
- 2026 йилнинг 1-чорагида UZEX биржасида 2,3 тоннадан ортиқ қимматбаҳо металлар сотилди
- UZEX ҳафталик дайжести (6 – 12 апрель)