UZEX биржаси 2025 йил якунлари бўйича корпоратив бошқарув соҳасида энг яхши компания деб эътироф этилди
2026 йил 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Инвестиция институтлари миллий уюшмаси (NAII) томонидан 2025 йил якунлари бўйича қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган инвестиция воситачилари, жисмоний ва юридик шахсларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танлов натижаларига кўра, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ 2025 йил якунлари бўйича “Энг яхши корпоратив бошқарув” номинациясида ғолиб деб топилди.

Биржа фаолиятининг юқори баҳоланиши амалдаги корпоратив бошқарув тизимининг самарадорлигини тасдиқлайди. Мазкур тизим акциядорлар ва менежмент манфаатлари мувозанатини таъминлаб, компания фаолиятининг шаффофлигини ошириш, бизнес жараёнларини такомиллаштириш ҳамда узоқ муддатли барқарор ривожланишга хизмат қилади.
Бугунги кунда UZEX мамлакатнинг энг йирик савдо майдончаси ва Ўзбекистондаги энг жадал ривожланаётган акциядорлик жамиятларидан бири ҳисобланади. Асосий биржа платформасидан ташқари, биржада электрон тижорат соҳасида кенг кўламли хизматларни тақдим этувчи 9 та электрон савдо тизими фаолият юритмоқда.
Биржанинг кенг тармоқли инфратузилмаси 14 та ҳудудий филиални, республиканинг барча туманларида жойлашган 300 дан ортиқ савдо майдончаларини, шунингдек дунёнинг турли мамлакатларида фаолият юритаётган 50 та хорижий савдо майдончаларини ўз ичига олади. Биржа мижозлари сони 500 мингдан ортиқ савдо иштирокчиларини ташкил этади.
Бизнеснинг юқори рентабеллиги ва дивиденд тўловларининг изчил ўсиши туфайли UZEX акциялари инвесторлар орасида барқарор талабга эга. Компания акциялари фонд бозорининг “Премиум” тоифасига киради.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси акцияларининг “Тошкент” Республика фонд биржасидаги бозор нархи уларнинг номинал қийматидан 7,4 баравардан кўпроқни ташкил этади. Сўнгги 10 йил давомида компания дивиденд тўловларининг барқарор ўсишини намоён этиб, соф фойданинг камида 85 % ни дивиденд тўловларига йўналтирмоқда.

“Энг яхши корпоратив бошқарув” номинациясидаги навбатдаги ғалаба UZEXнинг юқори корпоратив маданиятга эга эканини, инвестициявий жозибадорлигини ҳамда очиқлик, самарадорлик ва барқарор ривожланиш тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEXда CLDP (АҚШ) дастури билан ҳамкорликда фьючерс савдоси бўйича семинар бошланди
- Тошкентда фьючерс савдоси бўйича семинар бошланди
- UZEX ҳафталик дайжести (15–21 июнь)
- UZEX ва Phillip Securities ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
- UZEX ва NASDAQ: технологик ҳамкорликнинг янги босқичи
- UZEX халқаро биржа ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамламоқда