UZEX ва NASDAQ: технологик ҳамкорликнинг янги босқичи
V Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2026) доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) раҳбарияти ҳамда АҚШнинг “NASDAQ биржаси” молиявий технологиялар бўйича директори Дмитрий Зеленцов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: “NASDAQ биржаси” жаҳоннинг етакчи биржаларидан бири ва инновацион биржа технологияларининг глобал провайдери бўлиб икки биржа ўртасидаги стратегик ҳамкорлик Ўзбекистон биржа бозорини халқаро молиявий инфратузилмага интеграция қилиш ҳамда илғор технологияларни жорий этиш учун мустаҳкам асос яратмоқда.
Учрашувда томонлар товар деривативлари бозорини ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар. Жумладан, фьючерс савдоларини жорий этиш, нарх хатарларини бошқариш бўйича замонавий хеджирлаш механизмларини қўллаш, шунингдек, биржа инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо платформалари, клиринг ҳамда риск-менежмент тизимларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хорижий меҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган бозор иқтисодиёти тамойилларини мустаҳкамлаш ва инвестицияларни фаол жалб этишга қаратилган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Шунингдек, у шаффоф ва самарали бозор механизмларини жорий этишда муҳим ўрин тутаётган UZEX биржасининг фаолияти ва эришган натижаларини алоҳида эътироф этди.
Мулоқот чоғида маҳаллий бизнесга халқаро молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятларини тақдим этиш ва илғор жаҳон тажрибасини маҳаллий шароитларга мослаштиришга қаратилган UZEX тараққиёт стратегиясига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар фаол ишчи мулоқот ва экспертлик ҳамкорлигини давом эттириш бўйича келишиб олдилар. NASDAQ ва UZEX ўртасидаги ҳамкорлик замонавий биржа технологияларини жорий этиш, бозор инфратузилмасини ривожлантириш ва UZEXнинг халқаро рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEXда CLDP (АҚШ) дастури билан ҳамкорликда фьючерс савдоси бўйича семинар бошланди
- Тошкентда фьючерс савдоси бўйича семинар бошланди
- UZEX ҳафталик дайжести (15–21 июнь)
- UZEX ва Phillip Securities ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
- UZEX ва NASDAQ: технологик ҳамкорликнинг янги босқичи
- UZEX халқаро биржа ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамламоқда