2026 йилнинг 1-чорагида UZEX биржасида 2,3 тоннадан ортиқ қимматбаҳо металлар сотилди
2026 йилнинг 1-чорагида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали 2 342,9 килограмм олтин ва кумуш сотилди.
Хусусан, биржа орқали 1 920,2 кг олтин сотилган. Кўриб чиқилаётган даврда олтиннинг ўртача биржа котировкаси 1 грамм учун 1 779,9 минг сўмни ташкил этди. Кумушнинг сотилиш ҳажми 422,7 кг га тенг бўлиб, унинг ўртача нархи 1 грамм учун 31 408,3 сўмга тенг бўлди.
Қимматбаҳо металларнинг бошланғич нархи Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг биржа битими тузилган санадаги курси бўйича миллий валютада Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг сўнгги тонгги фиксинги асосида белгиланади.
Биржа бозорида “Олмалиқ КМК” АЖ ва “Навоий КМК” АЖ қимматбаҳо металларни сотувчилари сифатида иштирок этмоқда. Саноатда ишлатиладиган маҳсулотларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ишлаб чиқарувчилар, ҳамда заргарлик буюмлар ишлаб чиқарувчилар қимматбаҳо металларнинг харидорлари ҳисобланади.
Барча товарлар, жумладан қимматбаҳо металлар учун ҳафталик котировкалар билан мазкур ҳавола орқали танишиб чиқишингиз мумкин.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими