Тошкентда фьючерс савдоси бўйича семинар бошланди
Ҳамкорлик бўйича Йўл харитасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) билан ҳамкорликда товар деривативлари бозорини ривожлантириш ва Ўзбекистонда фьючерс савдосини жорий этишга қаратилган қатор ўқув семинарларини ўтказишни бошлади.
Тадбир товар деривативлари бозорини ривожлантириш, тартибга солишнинг халқаро стандартларини жорий этиш ҳамда Ўзбекистонда замонавий муддатли бозор инфратузилмасини шакллантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида давлат органлари ва соҳавий ташкилотлар вакилларини бирлаштирди.
Семинарда миллий деривативлар бозорини ривожлантириш ва нарх хавфларини бошқариш воситаларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириб келаётган Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (ЎзРТХБ) вакиллари ҳам фаол иштирок этдилар.
Семинар давомида CLDPнинг фьючерс бозорлари бўйича халқаро эксперти Кевин Пикколи фьючерс бозорларининг фаолият юритиш тажрибаси ҳамда улар инфратузилмасининг асосий элементлари, жумладан биржа, клиринг ташкилоти, брокерлар ва регуляторнинг ўрни ҳақида халқаро тажрибани тақдим этди.

Семинарнинг биринчи кунида иштирокчилар фьючерс шартномалари савдосининг асослари, хеджирлаш, клиринг ва ҳисоб-китоб механизмлари, шунингдек AML/CFT ва KYC талаблари ҳамда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқдилар. ЎзРТХБ вакиллари деривативлар бўйича биржа савдосини ташкил этиш, клиринг тизимини шакллантириш ва хавфларни бошқариш масалалари муҳокамасида иштирок этдилар.
Семинарнинг иккинчи куни товар деривативлари бозорини тартибга солиш масалаларига бағишланади. Унда комплаенс, бозор назорати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEXда CLDP (АҚШ) дастури билан ҳамкорликда фьючерс савдоси бўйича семинар бошланди
- Тошкентда фьючерс савдоси бўйича семинар бошланди
- UZEX ҳафталик дайжести (15–21 июнь)
- UZEX ва Phillip Securities ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
- UZEX ва NASDAQ: технологик ҳамкорликнинг янги босқичи
- UZEX халқаро биржа ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамламоқда