UZEX биржасида савдо иштирокчиларининг сони деярли тўрт карра ошди
2022 йил январь-март ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг I чорагига нисбатан 50,6% га ва 2019 йилнинг мос даврига нисбатан эса қарийб уч маротабага ўсиб, 26,7 трлн сўмни ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда биржада рўйхатдан ўтган янги мижозларнинг сони ўтган йилга нисбатан деярли тўрт маротабага ўсиб 33,6 мингта савдо иштирокчисини ташкил қилди. Бу, ўз навбатида, тадбиркорларнинг бозор тамойилларига асосланган замонавий ва шаффоф савдо турларига бўлган қизиқишлари ортганлигидан далолат беради.
Биржада маҳсулотлар учун ҳақиқий бозор нархларининг шаклланиши натижасида сотувчи корхоналар қарийб 3,0 трлн сўмлик қўшимча даромад олишди ва бу 2021 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 2,8 маротабага кўпдир. Мазкур маблағлар сотувчи корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ва уларнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга йўналтирилиши мумкин.
Ўтказилган очиқ ва шаффоф биржа савдолари тадбиркорларнинг товар ресурсларидан эркин фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди ҳамда товар бозорларида бозор нархларининг шаклланиши ва соғлом рақобатнинг ривожланишига хизмат қилди.
Хусусан, 2022 йил январь-март ойларида ўтказилган биржа савдолари натижасида шаклланган ўртача нархлар ички товар бозорларида юзага келган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, ўсиш ва пасайиш ҳолатларини намоён этди.
Мисол учун, жорий йилнинг бошидан буён АИ-91 маркали автомобиль бензинининг биржада шаклланган ўртача кунлик нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 12 075,6 минг сўмдан 10 422,3 минг сўмгача, яъни 14% га пасайган.
Шунингдек, жорий йилнинг январь-март ойларида биржа котировкалари ўзининг юқори даражасидан сульфат аммоний бўйича 88% га, кўмир – 49% га, техник чигит – 43% га, полиэтилен – 22% га, ўсимлик ёғи ва пахта линти – 14% га, омухта ем – 12% га ва қора металл – 10% га пасайган.
Шу билан бирга, биржа бозорининг айрим товар сегментиларида ўсиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Мисол учун, жорий йилнинг 1-17 март кунлари давомида шакарнинг биржадаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 11 921,9 минг сўмгача кўтарилди. Бироқ кейинги кунларда биржа савдоларига қўйилаётган шакар ҳажмининг сотувчи корхоналар томонидан сезиларли даражада оширилиши эвазига шакар нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 981,6 минг сўмгача, яъни 25% га пасайган.
Бундан ташқари, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида хорижий мамлакатларда ташкил қилинган биржанинг 19 та савдо майдончалари орқали 127,0 млн АҚШ долларлик маҳсулотлар харид қилинди. Хусусан, биржа орқали 276,7 минг тонна буғдой импорт қилинган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 39% га кўпдир.
2022 йил январь-март ойларида давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан уч маротабага ошиб, қарийб 4,2 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши ҳам уч маротабага ўсиб, 879,2 млрд сўмга тенг бўлди.
2022 йил январь-март ойларида avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизими орқали 86,7 млрд сўмлик 40,0 мингдан зиёд авторақамлар сотилди. Бунда, авторақамларнинг сотуви ўтган йилга нисбатан сон жиҳатдан 27% га, ҳажми бўйича – 40% га ўсди. Сотилган авторақамларнинг ўртача бошланғич ва сотув нархлари ўртасидаги тафовут 47% ни ташкил қилди.
Эслатиб ўтамиз, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80% – Ўзбекистон Давлат бюджетига, 20% – Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.
Манбаа: “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими