Nasdaq ва UZEX ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ҳамда АҚШ–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) ва АҚШнинг Nasdaq компанияси вакиллари ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Nasdaq компаниясининг глобал сотувлар бўйича директори Томас Нил ва молиявий технологиялар бўйича директори Дмитрий Зеленцов иштирок этди.
Мулоқот давомида биржа технологияларини ривожлантириш, деривативлар бозори инфратузилмасини такомиллаштириш ва Ўзбекистонда маҳаллий фьючерс бозорини шакллантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, UZEXда маҳаллий фьючерс савдоларини йўлга қўйиш, электрон савдо платформаларини ривожлантириш, клиринг ва риск-менежмент тизимларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, UZEX ва Phillip Capital ҳамкорлигида ташкил этилган UZEX Global қўшма корхонасининг мамлакатда товар деривативлари бозорини ривожлантиришдаги ўрни, бозор иштирокчиларининг молиявий саводхонлигини ошириш ҳамда маҳаллий мутахассислар малакасини юксалтириш борасидаги имкониятлари кўриб чиқилди.
Nasdaq вакиллари биржа фаолиятига замонавий технологик ечимларни жорий этиш, экспертлик кўмагини кўрсатиш ва маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини тақдим этдилар. Жумладан, UZEX мутахассисларига Nasdaqнинг Лондон ва Стокгольмдаги биржа инфратузилмаси фаолиятини ўрганиш ҳамда халқаро тажриба ва илғор амалиётлар билан бевосита танишиш имкониятлари таклиф этилди.
Мазкур ташаббуслар UZEX мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш, халқаро тажрибани ўзлаштириш ва илғор технологик ечимларни миллий биржа инфратузилмасини ривожлантиришда қўллашга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини экспертлар даражасида батафсил ишлаб чиқиш, амалий ташаббусларни илгари суриш ва ўзаро мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Mobilraqam.uzex.uz платформасида жисмоний шахслар ўртасида дастлабки битимлар тузилди
- Биржа савдоларида шаффофлик ва соғлом рақобатни таъминлаш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди
- Nasdaq ва UZEX ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (12 – 18 октябрь)
- UZEXда “Ўз мобил рақамимни сотиш” тизими жорий этилди
- UZEX ҳафталик дайжести (5 – 11 октябрь)