UZEXда “Ўз мобил рақамимни сотиш” тизими жорий этилди
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида (UZEX) жисмоний ва юридик шахслар учун ўзларига тегишли мобил алоқа рақамларини электрон савдолар орқали сотиш имконияти яратилди.
Эндиликда mobilraqam.uzex.uz электрон савдо тизими орқали фойдаланувчилар ўз мобил рақамларини аукцион ва “Тезкор битим” усулида сотишлари мумкин.
Савдо жараёни қандай амалга оширилади?
Дастлаб сотувчи ва харидор электрон савдо тизимида бепул онлайн рўйхатдан ўтади. Шундан сўнг сотувчи ўзига тегишли мобил рақамни савдога жойлаштиради. Харидор эса тизимдаги рақамлар каталогидан ўзига маъқул рақамни танлаб, аукционда қатнашиши ёки “Тезкор битим” функцияси орқали аукцион якунланишини кутмасдан битим тузиши мумкин.
Савдоларда иштирок этиш учун сотувчи рақам нархининг 1 фоизи, харидор эса 3 фоизи миқдорида закалат маблағини киритади. Савдо бошланишидан олдин закалат маблағларининг киритилиши томонларнинг битим бўйича мажбуриятлари бажарилишини таъминлашга хизмат қилади.
Ғолиб аниқлангач, мобил рақамни қайта расмийлаштириш жараёни mygov.uz портали орқали онлайн ёки тегишли мобил алоқа операторининг офисида амалга оширилиши мумкин. Расмийлаштириш якунлангандан сўнг UZEX томонидан сотувчига рақам учун тўлов ўтказиб берилади.
Янги тизимнинг асосий қулайликлари
Мазкур электрон тизим фойдаланувчиларга ўз мобил рақамларини масофадан туриб савдога қўйиш, мавжуд рақамлар орасидан ўзига маъқулини излаш ва харид қилиш, шунингдек, барча савдо жараёнларини ягона электрон платформа орқали амалга ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, “Тезкор битим” функцияси орқали аукцион муддати тугашини кутмасдан савдони амалга ошириш мумкин.
Янги хизмат мобил рақамлар савдосининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, электрон савдо имкониятларини кенгайтириш ҳамда фойдаланувчиларнинг вақтини тежашга хизмат қилади.
Ўз мобил рақамингизни сотиш ёки янги рақам харид қилишни истайсизми?
mobilraqam.uzex.uz электрон савдо тизимининг “Шахсий рақамлар савдоси” бўлимида савдога қўйилган мобил рақамлар каталоги билан танишишингиз мумкин.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Mobilraqam.uzex.uz платформасида жисмоний шахслар ўртасида дастлабки битимлар тузилди
- Биржа савдоларида шаффофлик ва соғлом рақобатни таъминлаш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди
- Nasdaq ва UZEX ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (12 – 18 октябрь)
- UZEXда “Ўз мобил рақамимни сотиш” тизими жорий этилди
- UZEX ҳафталик дайжести (5 – 11 октябрь)