UZEX AFM Trends Day 2026 халқаро форумида иштирок этди
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) вакиллари Фьючерс бозорлари ассоциацияси (AFM) томонидан ташкил этилган AFM Trends Day 2026 халқаро форумида иштирок этди.

Форумнинг панель сессиясида UZEX мамлакатда замонавий деривативлар бозорини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг асосий йўналишларини тақдим этди. Фьючерс шартномалари савдоси учун инфратузилма яратиш, янги биржа воситаларини жорий этиш ҳамда миллий бозорни ривожлантиришда халқаро тажрибадан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур стратегияни амалга оширишнинг амалий йўналишларидан бири UZEX Global лойиҳаси бўлиб, у маҳаллий корхоналарга халқаро товар деривативлари бозорлари ва нарх хатарларини хеджирлаш воситаларидан фойдаланиш имконини беради.

Форум доирасида хорижий биржалар, клиринг ташкилотлари, молия институтлари ва технологик компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Музокараларда замонавий савдо ва клиринг технологияларини жорий этиш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

UZEX иштирокининг алоҳида йўналишларидан бири 2027 йилда Ўзбекистонда АФМнинг 29 йиллик умумий йиғилиши ва халқаро биржа конференциясини ўтказишга тайёргарлик кўриш бўлди. Ассоциация вакиллари билан халқаро иштирокчиларни жалб этиш, тадбир дастурини мазмунан шакллантириш ва ташкилий тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

AFM 2027 конференциясининг Ўзбекистонда ўтказилиши халқаро ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги ҳамкорларни жалб этиш ва миллий биржа соҳасини халқаро миқёсда илгари суриш учун муҳим майдон бўлади.

Маълумот учун: Фьючерс бозорлари ассоциацияси (AFM) — биржалар, клиринг ташкилотлари ва биржа инфратузилмасининг бошқа институтларини бирлаштирувчи халқаро ташкилот. UZEX 2019 йилдан буён Ассоциациянинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEX AFM Trends Day 2026 халқаро форумида иштирок этди
- UZEX ҳафталик дайжести (9 – 15 ноябрь)
- Fitch Ratings Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг халқаро кредит рейтингини “Б+” даражасига оширди
- Товар бозорини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
- UZEX ҳафталик дайжести (2 – 8 ноябрь)
- UZEX AI Hackathon ғолиблари аниқланди