Биржа ташқи савдо фаолиятини кучайтирмоқда
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси хорижий ҳамкорлар, дунёнинг етакчи биржалари, халқаро молия ташкилотлари ва ишбилармонлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда хорижий савдо майдончалари тармоғини кенгайтириш бўйича амалий ишларни давом эттирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналар билан биргаликда 5 та янги хорижий савдо майдончаларини очди. Хусусан биржанинг хориждаги янги таянч офислари Россия, Туркия, Озарбайжон ва Тожикистон каби мамлакатларда ўз фаолиятларини бошлашди.
Янги хорижий савдо майдончаларини очишдан кўзланган асосий мақсад биржа савдоларининг бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлар ва товар ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг товар бозорларига эркин киришини таъминлашдан иборатдир.
Биржанинг электрон савдо тизимлари савдо ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, ишончли товар ишлаб чиқарувчилар билан бевосита алоқа ўрнатиш, вақт ва маблағ тежамкорлилиги, шунингдек тўловларни ва товарни етказиб беришнинг кафолатлаш каби афзалликларга эга.
Хорижий савдо майдончаларнинг фаоллашуви натижасида 2022 йил январь-июль ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 120 дан зиёд янги норезидент мижозлар аккредитациядан ўтказилди ҳамда 257,0 млн АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди.
Ўз навбатида, хорижий савдо майдончалари тармоғининг кенгайиши нафақат маҳаллий товарларни ташқи бозорларга олиб чиқишга, балки талаб юқори бўлган товарларни олиб кириш орқали ички нархларнинг барқарорлашишига ҳам кўмак беради.
Шу боис мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида ўтган даврда биржанинг савдо майдончалари орқали 483,4 минг тонна буғдой импорт қилинган бўлиб, бу ўтган йилнинг 7-ойига нисбатан 17 маротабага кўпдир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари кўмаклигида Дальян товар биржаси (DEX, Хитой), Покистон товар биржаси (РМЕХ), Франция товар биржаси (Euronext MATIF), Мадрид биржаси (Bolsa de Madrid), Гамбург савдо палатаси ва биржаси (Hamburger Borse), Малайзия биржаси (Bursa Malaysia), Индонезия товар биржаси (ICDX), Тел-Авив биржаси (TASE), Дубай кўп тармоқли товар биржаси (DMCC) ва Иcтанбул биржаси (Borsa Istanbul, BIST) билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.
АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) ва Товар биржалари бўйича комиссияси (CFTC) билан замонавий биржа савдо воситаларини жорий этиш бўйича маслаҳатлашувлар ҳам давом эттирилмоқда.
Ўз навбатида, хорижий биржалар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорлик биржа савдоларининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ва Ўзбекистонда биржа фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Манбаа: “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Биржа «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этмоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (18 – 24 ноябрь)
- Янги биржа воситалари бўйича ўқув семинарлари якунланди
- UZEX ҳафталик дайжести (11 – 17 ноябрь)
- UZEX ҳафталик дайжести (4 – 10 ноябрь)
- Ҳудудларда янги биржа воситалари бўйича ўқув семинарлари давом этмоқда