UZEX биржаси 2024 йилда корпоратив бошқарув бўйича энг яхши компания деб эътироф этилди
2025 йил 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Инвестиция институтлари миллий уюшмаси (NAII) томонидан 2024 йил якунлари бўйича қимматли қоғозлар бозорининг ривожланишига ҳисса қўшган инвестиция воситачилари, жисмоний ва юридик шахсларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танлов якунига кўра, 2024 йилда “Энг яхши корпоратив бошқарув” номинациясида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ғолиб бўлди.

2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2024 йил 19 апрелдаги ПҚ-162-сон қарорига мувофиқ “ЎзРТХБ” АЖ устав капиталидаги давлат улушининг 4,44 фоизи “Халқчил IPO” доирасида сотилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2024 йил 12 сентябрдаги 570-сон қарорига мувофиқ товар-хом ашё биржалари фаолиятини лицензиялаш талаблари белгиланди.
Хусусан, мазкур қарорнинг 2-бандида биржа савдоларида иштирок этадиган тадбиркорлик субъектларининг маблағларини молиявий хавф-хатарлардан кафолатли ҳимоялаш учун товар-хом ашё биржалари устав капиталининг энг кам миқдори 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб 100 миллиард сўм ҳамда 2025 йил 1 июлдан бошлаб 200 миллиард сўм этиб белгиланди.
Шу муносабат билан, “ЎзРТХБ” АЖ 2024 йил ноябрь ойида қўшимча акциялар чиқариш ҳисобига устав капиталини оширди. “ЎзРТХБ” АЖ устав капитали 236 119 023 000 сўмни ташкил этиб, ҳар бирининг номинал қиймати 630 сўмдан бўлган 374 792 100 дона оддий акцияларга бўлинган. Натижада, ҳар бир акциядор ўзида мавжуд бўлган ҳар бир акция учун 4 тадан қўшимча акция олди.
Биржанинг самарали корпоратив бошқаруви жамиятнинг менежерлар ва акциядорлар ўртасидаги мувозанатни таъминлайди, бизнес жараёнларини оптималлаштиради, унинг фаолиятининг шаффофлигини оширади ҳамда компаниянинг барқарор ва изчил ривожланишига хизмат қилади.

Биржада асосий платформа – биржа савдоларидан ташқари электрон тижорат соҳасига алоқадор бўлган 5 та савдо тизимлари мавжуд.
Биржанинг таркибий тузилмасига 13 та ҳудудий филиаллар ҳамда республиканинг барча туманларида жойлашган 275 та савдо майдончалари ва дунёнинг турли мамлакатларида ўз фаолиятини юритиб келаётган 50 та хорижий савдо майдончалари киради. Шу билан бирга, биржа мижозларининг умумий сони 500 мингтадан ортиқдир.
Юқори рентабеллик ва тўланаётган дивидендлар миқдорининг мунтазам равишда ўсиб бориши эвазига Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг акциялари фонд бозорида катта талабдан фойдаланади.
Хусусан, «Тошкент» Республика фонд биржасида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти акцияларининг бозор нархи уларнинг номинал қийматига нисбатан қарийб 5,6 маротабага кўпдир. Шу билан бирга, компания ҳар йили соф фойданинг 85% дан ортиғини акциядорларга юборади, улардан 12,5 мингдан зиёд миноритар акциядорлар ташкил қилади.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Афғонистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тармоғи кенгаймоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (24 – 30 ноябрь)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича тадбиркорлар учун семинарлар ўтказилди
- Афғонистонда биржанинг савдо майдончаси очилди
- UZEX ҳафталик дайжести (17 – 23 ноябрь)
- Электрон давлат харидлари бўйича янги сервислар жорий қилинди