Вазирлар Маҳкамасининг биржа савдолари тўғрисидаги қарори қабул қилинди
Реал бозор нархларини шакллантиришнинг замонавий механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 апрелдаги “Замонавий биржа механизмларини жорий этиш орқали биржа савдоларида нархлар ўзгаришининг олдини олишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 220-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан фақат биржа орқали сотиладиган товарлар рўйхати кенгайтирилди. Хусусан, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган монополист-корхоналар ёки ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган қуйидаги товарлар биржа орқали сотилади:
- хлорид ва нитрат кислоталар;
- натрий цианид ва гипохлорит;
- суюқ азот ва хлор;
- рух белиласи
- фосфорли оҳак;
- ферромолибден, базальт, фосфорит ва доломит уни.
Ҳужжат билан, шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида биржа савдоларини икки томонлама қарама-қарши аукцион орқали ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Икки томонлама қарама-қарши аукцион (кейинги ўринларда – янги аукцион) – бу биржа битимларининг сотувчилар ва харидорлар ўртасидаги рақобат натижасида тузиладиган савдо режими бўлиб, унда товар учун нарх талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат даражасида шаклланади.
Янги аукцион савдолар шаффофлигини ошириш, рақобатни кучайтириш ва маҳсулотларнинг бозор қийматини аниқроқ акс эттиришга хизмат қилади.
Товарларни икки томонлама қарама-қарши аукцион режими савдосига қўйишга уларни биржа котировкалаш варағига киритиш йўли билан биржанинг Листинг комиссияси томонидан рухсат берилади.
Қарорнинг тўлиқ матни билан «ЎзРТХБ» АЖ расмий веб-сайтининг “Меъёрий-ҳуқуқий база” бўлимида танишишингиз мумкин.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Афғонистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тармоғи кенгаймоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (24 – 30 ноябрь)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича тадбиркорлар учун семинарлар ўтказилди
- Афғонистонда биржанинг савдо майдончаси очилди
- UZEX ҳафталик дайжести (17 – 23 ноябрь)
- Электрон давлат харидлари бўйича янги сервислар жорий қилинди