CME Group UZEX учун фьючерс савдолари мавзусида халқаро вебинарни бошлади
Чикаго товар биржаси (CME Group) Phillip Capital халқаро инвестиция компанияси билан ҳамкорликда 18–19 август кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) учун фьючерс бозорлари, нарх таваккалчиликларини бошқариш ва хеджирлаш механизмларига бағишланган халқаро ўқув вебинарларини ўтказмоқда.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад UZEX мутахассислари ва бозор иштирокчиларининг фьючерс савдо воситаларидан самарали фойдаланиш, нарх ўзгарувчанлиги билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш ҳамда халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитида қўллаш бўйича билим ва амалий кўникмаларини оширишдан иборатдир.
Вебинарларда UZEX ходимлари, брокерлар, трейдерлар ва бошқа савдо иштирокчилари, жумладан, товар ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчи корхоналар ҳамда бошқа тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда.
Вебинарнинг биринчи кунида фьючерс бозорларининг ишлаш механизмлари ва замонавий хеджирлаш воситалари муҳокама қилинди. CME Group экспертлари глобал деривативлар бозори, клиринг ва риск-менежмент, тартибга солиш механизмлари, Globex электрон савдо платформаси ҳақида маълумот бердилар.
Шунингдек, UZEX ва Phillip Capital ҳамкорлигида ташкил этилган “UZEX Global” қўшма корхонасининг фаолияти, маҳаллий тадбиркорларнинг халқаро товар деривативлари бозорларига чиқиш имкониятлари ҳамда товар бозори иштирокчилари учун самарали хеджирлаш тизимини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар UZEX Global орқали CME Group фьючерс бозорларида иштирок этиш, фьючерс воситаларидан хеджирлаш мақсадида фойдаланиш ва товарлар нархи ўзгарувчанлиги билан боғлиқ хавфларни камайтириш усуллари билан танишдилар.
Мазкур вебинарлар UZEXда миллий деривативлар бозорини шакллантириш стратегиясининг муҳим қисми бўлиб, маҳаллий бозор иштирокчиларини фьючерс савдоларига тайёрлаш, уларнинг молиявий саводхонлигини ошириш ҳамда замонавий хеджирлаш воситаларидан самарали фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEX ҳафталик дайжести (24 – 30 август)
- UZEX ҳафталик дайжести (17 – 23 август)
- CME Group фьючерслари бўйича ўқув вебинарининг иккинчи куни ўтказилди
- CME Group UZEX учун фьючерс савдолари мавзусида халқаро вебинарни бошлади
- UZEX ҳафталик дайжести (10 – 16 август)
- UZEX ҳафталик дайжести (3 – 9 август)