Эски Uzex.uz сайтига
ўтиш

Биржанинг қурилиш сегментида барқарор ҳолат кузатилмоқда

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг қурилиш бозори сегментида талаб ва таклифнинг мутаносиблиги кузатилмоқда.
 
Хусусан кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдоларига 5,4 млн тонна цемент қўйилиб, ундан 4,9 млн тоннаси, яъни 90,2% сотилди. Бунда сотилган цемент ҳажмининг 40% – “Қизилқумцемент” АЖ, 23% – “Оҳангаронцемент” АЖ ва 18% – “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ улушларига тўғри келмоқда. Хитойнинг "Huaxin Cement Jizzakh" цемент заводи эса биржанинг цемент бозорининг 5% ни эгаллади.
 
Биржа савдоларида иштирок этган сотувчи корхоналарнинг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан жами 31 дан 46 нафаргача кўпайди. Бу, ўз навбатида, сотувчилар ўртасида рақобатнинг кучайишига кўмак берди ва цемент учун ички нархларнинг барқарорлашувига хизмат қилди.
 
Қурилиш мавсумининг қизғин пайтида цементнинг биржада шаклланган ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 606-597 минг сўмлик диапазонда сақланди. Сентябрь ойида эса цемент учун биржа котировкалари 594 минг сўмгача пасайди.
 
Шунга ўхшаш ҳолатлар биржанинг қора металл прокати ва қурилиш ойнаси бозорларида ҳам қайд этилмоқда.
 
Жорий йил бошидан буён биржа савдолари орқали 442,4 минг тонна қора металл сотилиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,1% га кўпдир. Бунда сотилган қора металл ҳажмининг 90% “Ўзметкомбинат” АЖ улушига тўғри келган.
 
Шу билан бирга, жорий йилда  биржанинг мазкур бозорида бошқа хусусий корхоналар ҳам фаоллик намоён этган. Мисол учун, “Gold  metall plus” компанияси биржа савдолари орқали қарийиб 11,0 минг тонна қора металл маҳсулотларини сотган. Умуман олганда, биржада қора металл маҳсулотларини сотувчи хусусий корхоналарнинг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан жами 105 дан 157 нафаргача кўпайди.
 
Бозорда таклиф даражаси етарли бўлганлиги сабабли, январь-сентябрь ойларида қора металл прокати маҳсулотларининг биржадаги нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 9 125,0 минг сўмдан 8 840 минг сўмгача, яъни 3,1% га пасайди. Шу жумладан, арматуранинг биржада шаклланган ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 9 006,0 минг сўмдан 8 799 минг сўмгача, яъни 2,3% га пасайган.
 
Кўриб чиқилаётган даврда, шунингдек, биржа савдолари орқали 8 858,8 минг кв. метр қурилиш ойнаси сотилиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62,1% га кўпдир. Шу билан бирга, 857,6 минг кв. метр қурилиш ойнаси биржа орқали экспорт қилинди.
 
Ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра, қурилиш ойнасининг ички нархи маҳсулотнинг кв. метри учун ўртача 44,0 минг сўм, ўртача экспорт нархи эса кв. метри учун – 3,6 АҚШ долларни ташкил қилди.
 

Манбаа: “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими