Эски Uzex.uz сайтига
ўтиш

UZEX ҲАФТАЛИК ДАЙЖЕСТИ (21 – 27 ИЮНЬ)

Ўтган ҳафта давомида, яъни 21 – 27 июнь кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖнинг барча савдо платформаларида 1 847,5 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 3,4% га ортиқдир. Бунда сотувларнинг 87,9% - биржа савдолари; 1,3% - кўргазма-ярмарка савдолари; 10,4% - электрон давлат харидлари ва 0,4% - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 670,8 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 34,2 млрд сўмлик маблағлари тежалди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 3 770 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 8,3 млрд сўмни ташкил қилди. Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 10,5% биринчи тоифадаги авторақамларга; 14,6% иккинчи; 9,0% учинчи; 12,7% тўртинчи; 16,9% бешинчи ва 36,3% олтинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 1 623,9 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, шу жумладан:

Шакар

Биржанинг шакар бозорида нархлар бироз ўсди. Ҳафта давомида биржа савдоларига 12 790,0 тонна шакар қўйилди ва улардан барча ҳажми, яъни 100% сотилди. Ўртача харидорлар сони 149 кишини ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 7 650,4 минг сўмдан 7 704,0 минг сўмгача, яъни 1% га ўсган.

Ўтказилган биржа савдолари натижасида маҳаллий шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 7 716,6 минг сўмни ташкил этди.

Цемент

Биржанинг цемент бозорида ички талабнинг ўсишига қарамасдан нархлар пасайишни давом этмоқда. Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 303 029,0 тонна цемент қўйилди ва улардан 183 639,0 тоннаси, яъни 60,6% сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 36,7 минг тоннани ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда цементнинг барча маркалари бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 533,6 минг сўмдан 521,0 минг сўмгача, яъни 2,4% га пасайди.

Бензин

Ўтган ҳафтада биржада автомобиль бензинининг нархи бироз кўтарилди. Нархларнинг ошишига сотувчи-корхоналар томонидан бошланғич нархларнинг кўтарилиши сабаб бўлди.

Хусусан, кўриб чиқилаётган даврда сотувчи-корхоналар АИ-80 маркали автомобиль бензинининг бошланғич нархларини маҳсулотнинг бир тоннаси учун ўртача 6 863,3 минг сўмдан 6 970,8 минг сўмгача кўтаришди.

Шу муносабат билан, АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг ўртача кунлик нархи ҳам мос тарзда 6 958,6 минг сўмдан 7 047,1 минг сўмгача кўтарилди.

Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 7 010,6 минг сўмни, АИ-91 – 8 158,6 минг сўмни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ-4664-сон қарорига мувофиқ «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасаруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан биржа савдоларига қўйиладиган автомобиль бензинининг бошланғич нархлари, жаҳон биржалардаги Brent нефтининг котировкаларидан келиб чиқиб шаклланади.

Турли манбаларда келтиришича автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.

Манбаа: “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими