Самарқанд вилоятида ёшлар ва тадбиркорлар билан давра суҳбати ўтказилди | Новости

19 Фев 2021

18 февралда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси раҳбарияти вилоят ёшлари ва тадбиркорлари билан давра суҳбати ўтказилди. Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларда биржа фаолияти ва трейдерлик касбига бўлган қизиқишларини уйғотиш ва қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.

Учрашувда 100 дан зиёд ёшлар, вилоят Молия бошқармаси, Монополияга қарши курашиш бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг масъул ходимлари, электрон савдо иштирокчилари, брокерлар, трейдерлар, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбати мобайнида ёшлар ва тадбиркорлар учун очиқ мулоқот шаклида тақдимотлар ўтказилди.

Биржа раҳбарлари ва мутахассислари ўзларининг чиқишларида ёшларга биржа тушунчаси, унинг вазифалари ва иқтисодиётда тутган ўрни ҳақида маълумотлар бердилар. Тадбиркорлар, ўз навбатида, биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартиблари билан танишиб чиқдилар. Уларга биржа савдолари қоидалари, биржадан ягона аккредитациядан ўтиш ва мижозларга брокерлик идоралари томонидан хизмат кўрсатиш жараёнлари тушунтирилди. Самарқанд вилоятининг ҳар бир туманида жойлашган биржа савдо майдончаларининг жойлашуви ва уларнинг аниқ манзиллари алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Алоҳида тақдимот биржанинг электрон тижорат соҳасига бағишланди. Таъкидланганидек, мижозлар мустақил равишда электрон давлат харидлари, кўргазма-ярмарка савдолари, авторақам ёки мобиль рақамларнинг онлайн-аукционларида ўзларининг шахсий кабинетлари орқали онлайн тарзда иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун биржада бепул асосда онлайн-рўйхатдан ўтиш ва гаров маблағларини киритишнинг ўзи кифоя.

Шунингдек, тадбирда биржанинг Самарқанд филиали брокерлари ҳам ўзларини фаолияти ҳақида қисқача гапириб бердилар. Семинар иштирокчилари брокер идорасини очиш тартиби, мижозлар билан ишлаш ва трейдернинг кундалик фаолияти билан танишиб чиқдилар.

Умуман олганда, биржада 1000 дан зиёд брокерлик идоралари ва 3000 дан зиёд трейдерлар фаолият юритади. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Самарқанд филиалида вилоят ёшлари учун брокерлик фаолияти ва биржа трейдинги асослари бўйича ўқув курслари ташкиллаштирилиши айтиб ўтилди. Режалаштирилаётган курсларда ёшлар брокерлик касбини эгаллаш учун зарур назарий ва амалий кўникмалар эга бўладилар.

Суҳбатлар чоғида биржада мижозлар учун яратилган қулайликларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан электрон савдоларда иштирок этишнинг енгиллаштириш мақсадида биржанинг расмий www.uzex.uz вебсайти янгиланмоқда. Биржанинг муҳим маълумотлари ва фойдали сервислар вебсайтнинг бош саҳифасига жойлаштирилади.

Жонли мулоқот давомида биржа савдолари, давлат харидлари ва авторақамлар онлайн-аукционларига оид саволлар муҳокама қилинди. Жорий йилда биржа савдолари янги электрон тизими ва ягона клиринг хизматини ишга туширилиши ҳамда биржанинг IT-инфратузилмасини модернизация қилиниши таъкидланди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятида шаффофлик биржанинг расмий www.uzex.uz вебсайти, Facebook, Instagram ва Twitter даги саҳифалари орқали ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали тўла таъминланади.

Бундан ташқари, биржанинг YouTube даги “UZEX multimedia” расмий каналида биржанинг ҳар бир савдо тизимида иштирок этиш тартиби билан танишиб чиқиш мумкин. Қўшимча саволлар юзага келганида савдо иштирокчилари исталган пайтда Call-марказга (+71) 207-00-33 телефон рақами ёки @uzexfeedbackbot телеграм боти орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Тадбир якунида соҳа мутахассислари ёшлар, тадбиркорлар, фермерлар ва журналистларнинг барча қизиқтирган саволларига жавоб қайтардилар. Биржа фаолияти бўйича келиб тушган барча таклифлар масъул ходимлар томонидан ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.

Тингловчилар ўтказилган учрашувнинг самарадорлигини эътироф этиб, олинган маълумотлар ёшлар ва тадбиркорлар учун фойдали эканлигини билдирдилар.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 750