Avtoraqam тизимида ўтказилган профилактик ишлар тўғрисида | Объявления

16 Июн 2020
Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси 2020 йил 15 ва 16 июнларда авторақамларнинг онлайн-аукциони савдо тизимида олиб борилган профилактика ишлари бўйича қуйидагиларни маълум қилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 июндаги 350-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржасининг онлайн-аукционлари орқали сотиладиган авторақамларнинг тоифалари кенгайтирилганлиги сабабли онлайн-аукционларда сотилаётган авторақамлар ва уларда иштирок этаётган харидорларнинг сонлари ўртача беш маротабага ўсди.
 
Ушбу ўзгаришларни Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржасининг савдо тизимларига салбий таъсир ўтказмаслик бўйича зарур чоралар олдиндан кўрилди. Бироқ, Интернет провайдер ва ахборот тизимларига қўшимча буюртмалар шаклида келиб тушаётган босимлар Avtoraqam савдо платформасида қўшимча профилактик ишларни олиб боришга сабаб бўлди.
 
Шу муносабат билан, барча савдо иштирокчилари учун тенг шароитларни таъминлаб бериш мақсадида avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 2020 йил 15 июнь соат 10:00 дан 13:05 гача ва  2020 йил 16 июнь соат 15:35 дан 16:15 гача амалга ошган савдоларни якунлаш вақтлари кейинги 24 соатга узайтирилди.
 
Шунингдек, ушбу даврларда савдо иштирокчилари томонидан киритилган закалат маблағлари, комиссион тўловлар ва битимлар бўйича ўтказилган қолган тўловларнинг барчаси вақтинча блокка олинди ҳамда ушбу маблағлар савдолар қайта ўтказилганидан сўнг мижозлар (савдо ғолиби бўлган иштирокчилардан ташқари) га қайтарилади. 
 
Айни пайтда биржа томонидан Avtoraqam савдо тизимининг дастурий иловаларини оптималлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорига мувофиқ авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.
 
Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Курилди: 8496