Эски Uzex.uz сайтига
ўтиш

Электрон тендернинг ҳажми 1,6 трлн сўмдан ошди

2021 йил якунларига кўра, давлат харидлари бўйича танлаш ва тендер электрон тизими – etender.uzex.uz да қиймати 1,6 трлн сўмдан зиёд 3,6 мингта битимлар тузилди. Давлат харидлари бўйича танлаш ва тендерларнинг электрон шаклда ўтказилиши натижасида давлат буюртмачилари 112,1 млрд сўмлик маблағни иқтисод қилишга эришишди.

Давлат харидлари бўйича энг йирик битимлар хизмат кўрсатиш (79%), таъмирлаш (16%), ижарага бериш (3%), товар-моддий захиралари (2%) каби харид тоифалари бўйича тузилган.

Давлат харидлари бўйича etender.uzex.uz электрон савдо тизими 2020 йил май ойида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан танлаш ва тендерларнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш, ҳамда давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш мақсадида жорий этилган.

Мазкур тизим энг яхши таклифни танлаш ва тендер савдолари бўйича харид жараёнларини электрон шаклда ўтказиш имконини беради. Етказиб берувчилар томонидан тақдим этилган таклифларни баҳолаш эса шаффофлик тамойили асосида автоматик тарзда амалга оширилади.

Буюртмачилар ҳар куни etender.uzex.uz вебсайтига 40 дан ортиқ лотларни жойлаштирадилар, савдоларда эса 1700 дан зиёд тадбиркорлар иштирок этадилар.

Таъкидлаш керакки, 2021 йил ноябрь ойида бюджет буюртмачилари илк марта танлов ва тендер бўйича etender.uzex.uz электрон тизимида  иштирок этишни бошладилар.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 22 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисидаги” ЎРҚ-684-сон Қонунига мувофиқ 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат харидлари бўйича энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдолари мажбурий тартибда электрон шаклда амалга оширилади.

Электрон танлаш ва тендерда иштирок этиш учун етказиб берувчилар etender.uzex.uz  вебсайтида онлайн рўйхатдан ўтишлари ва гаров маблағини киритишлари лозим.

Манбаа: “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими