Эски Uzex.uz сайтига
ўтиш

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар Фарғона водийсида ўтказилди

2021 йил 16-18 сентябрларида Андижон, Наманган ва Қўқонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг раҳбарияти тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказди.
 
Тадбирда тадбиркорлардан ташқари, шунингдек, вилоятлар Молия бошқармалари, Монополияга қарши курашиш бошқармалари ва Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаларининг масъул ходимлари, биржа савдолари, онлайн-аукцион, электрон давлат харидлари иштирокчилари, биржа брокерлари ва трейдерлари иштирок этдилар.
 
Мазкур учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 20 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида белгиланган вазифаларни бажарилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
 
 
Тадбирларда иштирок этган тадбиркорлар ва корпоратив мижозлар биржа раҳбарлари билан бевосита мулоқотга киришиб, ўзларини қизиқтираётган саволларга ва муаммоларни бартараф этишга оид жавоб олдилар. Хусусан, тадбиркорларнинг биржа савдолари, кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидларида, юридик ва жисмоний шахсларнинг авторақамлар онлайн аукционларда  иштирок этиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
 
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорининг мазмун-моҳияти ва ижроси билан батафсил танишдилар.
 
Таъкидланганидек, қарорнинг қабул қилиниши билан фақатгина биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидли ва монопол товарларнинг рўйхати кенгайтирилди.
 
 
Очиқ мулоқотлар давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолияти ҳақида видеоролик намойиш этилди. Тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифларига жавоблар берилди, тадбиркорларнинг биржа фаолиятида иштирок этиши юзасидан маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатилди.
 
Мазкур учрашувлар биржанинг расмий вебсайтида жойлаштирилган жадвалга мувофиқ республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилади.
 

Манбаа: “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими