Жиззах вилоятида тадбиркорлар ва ёшлар билан учрашув ўтказилди | Новости

03 Апр 2021
Жорий йил 2 апрель куни Жиззах вилоятида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакилларининг вилоят тадбиркорлари ва ёшлар билан навбатдаги учрашуви ўтказилди.
 
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳамда ёшларни трейдерлик касби билан таништиришдан иборат бўлди.
 
Семинарда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармасининг раҳбарлари ва масъул ходимлари, электрон савдоларнинг иштирокчилари, шу жумладан хорижий инвестор иштирокидаги қўшма корхонанинг вакиллари ҳам иштирок этдилар.
 
 
 
Тадбирда таъкидланганидек, янги Қарор бизнес вакиллари, шу жумладан ёш тадбиркорлар учун бир қатор янги имкониятларни тақдим этади.
 
Хусусан, фақатгина биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотларнинг рўйхати кенгайтирилди. Янги рўйхатга поливинилхлорид (ПВХ), формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби товарлар киритилган. Тадбиркорлар мазкур товарларни бозор тамойилларига асосланган шаффоф биржа савдолари орқали эркин сотиб олишлари мумкин.
 
Бундан ташқари, йил охиригача монопол бўлмаган компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг камида 50 фоизини, пахтадан олинган чигит, пахта мойи ва қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) ишлаб чиқарувчи эса ўз маҳсулотлари ҳажмининг 100 фоизини биржа орқали сотишлари лозим. Ушбу бозорларда таклиф ҳажмининг ошиши натижасида биржа нархларининг барқарорлашувига эришилади.
 
Товар-хом ашё биржаларнинг хориждаги савдо майдончаларида тузилган битимлар бўйича товарларнинг божхона қийматини аниқлаш фақат мазкур битимларда белгиланган қиймат бўйича амалга оширилади. Бу импорт товарларнинг нархига ижобий таъсир кўрсатиб, ички нархларнинг барқарор бўлишига хизмат қилади.
 
Жорий йил 1 сентябрдан монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали – transport.uzex.uz орқали аукцион тартибида амалга оширилади.
 
Янги Қарор билан Товар-хом ашё биржаси фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланган. 
 
Унга кўра давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталининг янги тизими жорий этилмоқда. Бунда давлат харидларнинг барча турлари xarid.uzex.uz ягона порталда бирлаштирилмоқда.
 
 
 
 
 
Мазкур портал буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг давлат харидлари бўйича электрон савдоларда иштирок этишини янада енгиллаштиришга қаратилганлиги таъкидланди.
 
Учрашувда биржа раҳбарлари Жиззах филиалида биржа трейдинги бўйича ўтказилаётган бепул ўқув курсларида ўқиш учун ёшларни таклиф қилишди. Мазкур ўқув курсларида ёшлар брокерлик касбини эгаллашда зарур бўладиган назарий ва амалий билимларни олишлари мумкин.
 
Маърузачиларнинг чиқишлари давомида ёшлар, тадбиркорлар, журналистлар ва соҳа мутахассисларининг иштирокида савол-жавоблар ва ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтди.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 330