ТДИУ магистрлари учун биржада амалий дарс ташкил этилди | Новости

24 Мар 2021

24 март куни Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетининг бир гуруҳ талабалари ва етакчи ўқитувчилари “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ га ташриф уюштирдилар.

“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ҳамда Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети ўртасида тузилган меморандумга асосан Савдо иши ҳамда Маркетинг мутахассислиги магистрлари учун биржада амалиёт дарси ўтказилди.

2021 йил мамлакатимизда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш йили”,  деб эълон қилинди. Ёшларни ҳар бир соҳада қўллаб-қувватлаш долзарб эканлиги таъкидлаб ўтилган эди.

Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда ёшларни биржада трейдерлик касби билан таништириш, қолаверса биржа фаолияти ва савдо платформалари ҳақида тўлиқ тушунча бериш мақсадида ташкил этилган учрашув “ЎзРТХБ” АЖнинг фаолияти ҳақидаги видеороликни намойиш этишдан бошланди.

Биржа бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси  - “ЎзРТХБ” АЖ Матбуот котиби Тиллабоев Хикматулло магистрлар учун биржа савдолари, электрон тижорат, савдо жараёнлари, давлат харидлари ва аукцион тартиб-қоидалари хусусида батафсил маълумот берди. Қизиқарли ва баҳс-мунозарага бой тарзда ўтган амалий тақдимот жараёнида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Таъкидланганидек, биржада 1000 дан ортиқ брокерлик идоралари ва 3000 дан зиёд трейдерлар фаолият юритмоқда. Брокерлик идораси юридик шахс номига расмийлаштирилади, унинг ходимлари эса трейдерлар ҳисобланади. Брокерлик идорасини очиш учун биржада аккредитациядан ўтиш ва биржа хизматлари учун тўловларни амалга оширишнинг ўзи кифоя. Шунингдек, ҳар бир трейдер биржа савдоларининг электрон тизимига киритилиши учун тест синовидан ўтиши талаб этилади.

Учрашув якунида меҳмонлар савдо зали билан танишиш, шунингдек, брокерлар билан ҳам мулоқот қилишга муваффақ бўлдилар. Келгусида амалий кўникма имконини берувчи бундай учрашувлар яна ташкил этилиши ва бу борада “ЎзРТХБ” АЖ ҳамкорликка доим тайёр эканлиги таъкидланди.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 531