“ЎзРТХБ” АЖ АКЦИЯДОРЛАРИНИНГ ЙИЛЛИК УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ | Новости

23 Мар 2021

2021 йил 20 мартда "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ марказий биносида “ЎзРТХБ” АЖ акциядорларининг 2020 йил якунларига бағишланган йиллик умумий йиғилиши бўлиб ўтди.

Акциядорларнинг умумий йиғилиши интернет орқали онлайн режимда масофадан туриб акциядорларнинг умумий йиғилишини олиб бориш имконини берувчи “eVOTE” – Электрон овоз бериш хизмати ёрдамида ўтказилди. 

Тадбир давомида биржанинг бошқарув ва назорат органлари ҳисоботлари, аудиторлик хулосалари кўриб чиқилди. Ижроия орган таркиби – Бошқарув, Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссияси ва акциядорлар умумий йиғилишининг ваколатига киритилган бошқа масалалар янги муддатга тасдиқланди.

“Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” давлат корхонаси томонидан 2020 йил 1 январдан 31 декабргача бўлган даврда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖда корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш ўтказилди.

2020 йил учун корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижаларига кўра умумий балл йиғиндиси 1165 га тенг бўлди ва Марказий депозитарийнинг фикрига кўра, Жамиятда корпоратив бошқарув тизими даражаси юқори, деб баҳоланди.

Аудиторлик ташкилоти томонидан KPI, IQE ҳисоб-китобларининг тўғрилиги ва 2020 йил натижаларига кўра уларни амалга ошириш фоизлари текширилди. 2020 йил учун интеграл самарадорлик коеффициенти (асосий ва қўшимча кўрсаткичлар бўйича) 101,35% ни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 28 июлдаги №207-сонли  қарорининг 27-бандига асосан, IQE қиймати 100% дан ошса, ижро этувчи ҳокимиятнинг самарадорлиги юқори деб эътироф этилади.

2020 йилги асосий корпоратив тадбирлардан бири бу 2015-2018 йиллардаги тақсимланмаган фойданинг бир қисмини, шунингдек, 2019 йил охиридаги соф фойданинг бир қисмини устав фондига кейинги капитализация қилиш учун юбориш орқали устав капиталининг кўпайиши бўлди. Капиталлаштириш натижасида устав капитал 15 741,26 млн сўмдан оширилиб, номинал қиймати 630 сўм бўлган 74 958 420 дона оддий акцияга бўлинган 47 223,8 млн сўмни ташкил этди.

Кузатув кенгаши тавсиясига кўра акциядорлар 2020 йил учун соф фойданинг 86,95 фоизини дивидендлар тўлаш учун ажратиш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Ҳар бир акция учун дивиденд миқдори 1100 сўм миқдорида белгланди. 2020 йил охирида акциядорларга тўланадиган дивидендларни тўлаш 2021 йил 20 майгача амалга оширилиши режалаштирилган.

2020 йилда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ноқулайликлар ва чекловларга қарамасдан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси биржа савдолари ва электрон тижорат соҳасида ижобий натижаларга эришди.

2020 йил якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча платформаларида 53,6 трлн сўмлик битимлар имзоланган бўлиб, бу 2019 йилга нисбатан 1,25 баробарга кўпдир. Биржанинг 2020 йилдаги товар айланмаси мамлакат ЯИМнинг деярли 10% миқдорига тенг бўлди.

Биржа келишувларни тузиш, клиринг ва ижро этишни ташкил этиш билан боғлиқ инфратузилмавий рақамли хизмат кўрсатувчи шаффоф занжир асосидаги фаолиятининг самарадорлигини янада оширишни режалаштирмоқда.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 232