UZEX ҳафталик дайжести (1 – 7 февраль) | Новости

09 Фев 2021

Ўтган ҳафта давомида, яъни 1 – 7 февраль кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖнинг барча савдо платформаларида 1 545,3 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 0,9% га кўпдир. Бунда сотувларнинг 90,6% - биржа савдолари; 3,1% - кўргазма-ярмарка савдолари; 5,9% - электрон давлат харидлари ва 0,4% - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 551,6 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 20,9 млрд сўмлик маблағлари тежалди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 2 314 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 5,6 млрд сўмни ташкил қилди. Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 4,2% биринчи тоифадаги авторақамларга; 12,1% иккинчи; 13,4% учинчи; 13,9% тўртинчи;  20,5% бешинчи ва 35,8% олтинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 1 400,1 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, шу жумладан:

Пахта ёғи

Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 5 483,0 тонна пахта ёғи қўйилди ва улардан 2 214,0 тоннаси, яъни 40,4% сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 50 та харидор иштирок этди.

Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 12 756,7 минг сўмдан 12 539,2 минг сўмгача, яъни 1,7% га тушди. Ҳафта якунларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси маҳсулотни бир тоннаси учун 13 045,4 минг сўмни ташкил этди.

Шакар

Биржанинг шакар бозорида ҳам нархларнинг кичик пасайиши қайд этилди. Ҳафта давомида биржа савдоларига 15 381,0 тонна шакар қўйилди ва улардан 11 479,0 тоннаси, яъни 74,6% сотилди.

Кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6 790,9 минг сўмдан 6 748,0 минг сўмгача пасайган. Ўтказилган биржа савдолари натижасида маҳаллий шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 6 780,3 минг сўмни ташкил этди.

 

Цемент

Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 179 252,0 тонна цемент қўйилди ва улардан 173 555,0 тоннаси, яъни 96,8% сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 34,7 минг тоннани ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда цементнинг барча маркалари бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 640,3 минг сўмдан 668,9 минг сўмгача, яъни 4,5% га кўтарилди.

Бензин

Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 33 249,0 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 12 154,9 тоннаси, яъни 36,6% сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 26 харидор иштирок этди.

Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг бошланғич нархи кўтарилганлиги сабабли унинг ўртача кунлик нархи ҳам маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 816,2 минг сўмдан 5 979,6 минг сўмгача ёки 2,8% га кўтарилди.

Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 5 815,6 минг сўмни, АИ-91 – 7 178,0 минг сўмни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, турли манбаларда келтиришича автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 534