АОКАда матбуот анжумани бўлиб ўтди | Новости

12 Фев 2021

Жорий йил 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг таҳлили” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди ва тадбир марказий телеканалларда тўғридан-тўғри эфир орқали намойиш этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад биржанинг 2020 йилдаги фаолияти ва 2021 йилга мўлжалланган мақсадли режалари хусусида кенг жамоатчиликка ахборот беришдир.

Тадбирда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Зулфиддин Камолов ва биржа таркибий бўлимларининг раҳбарлари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, 2020 йилда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ноқулайликлар ва чекловларга қарамасдан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси биржа савдолари ва электрон тижорат соҳасида ижобий натижаларга эришишга муваффақ бўлди.

Айни пайтда биржада 800 мингдан зиёд савдо иштирокчилари рўйхатдан ўтказилган. Шунингдек биржанинг 300 дан зиёд маҳаллий савдо майдончалари мамлакатимизнинг деярли барча туманларида фаолият юритишмоқда. Бундан ташқари, 14 та хорижий савдо майдончалари Хитой, Россия, Белоруссия, Украина, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда очилган.

Умуман олганда, 2020 йил якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 53,6 трлн сўмлик битимлар имзоланган бўлиб, бу 2019 йилга нисбатан 24,7% га кўпдир. Биржанинг 2020 йилдаги товар айланмаси мамлакат ЯИМнинг деярли 10% миқдорига тенг бўлди.

Биржада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган шартномалар ҳажми 20,5 трлн сўмни ташкил қилди. Хусусан, тадбиркорлар биржа орқали 13,3 трлн сўмлик товар ресурсларини сотиб олишган бўлса, 7,2 трлн сўмга тенг маҳсулотларини биржа орқали сотишди.

Сотувчи-корхоналар биржа савдоларида ҳақиқий бозор нархининг шаклланганлиги туфайли  2019 йилдаги фойдадан 40,4% га ортиқ, яъни  3,0 трлн сўмга тенг қўшимча даромад олишга эришдилар.

2020 йил давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг савдо платформалари орқали умумий ҳисобда 97,4 млн АҚШ долларига тенг маҳаллий маҳсулот сотилди. Йирик экспорт шартномалари полиэтилен (52%), нефть маҳсулотлари (13%) ва пахта толаси (12%) бўйича тузилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа механизмларини қўллаган ҳолда импорт шартомалари ҳам тузилди. Ўтган йили биржанинг хорижий савдо майдончалари кўмаклигида 24,8 млн АҚШ долларига тенг озиқ-овқат товарлари, минерал ўғитлар ва нефть маҳсулотлари импорт қилинди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида илк марта қиймати 1,88 трлн сўмга тенг 1 480 та форвард шартномалари имзоланди. Форвард савдоларида шакар, цемент, пахта толаси, пахта ёғи, техник пахта чигити, нефть маҳсулотлари ва чорва учун ем каби 21 турдаги маҳсулотлар сотилган. Форвард битимлари бўйича ўтказилган электрон савдоларда 102 нафар сотувчи ва 250 нафар харидор иштирок этишди.

2020 йилда давлат харидлари бўйича махсус xarid.uz  ахборот портали орқали 4,3 трлн сўмга тенг битимлар имзоланган бўлиб, бу 2019 йилги кўрсаткичга нисбатан 13,5% га кўпдир. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг тежалган маблағи ҳам 14,6% га ошиб, 923,1 млрд сўмни ташкил қилди. Порталда қўшимча milliydokon.uzex.uz саҳифаси ва электрон танлов ва тендер бўйича etender.uzex.uz савдо тизими ишга туширилди.

Электрон тижоратнинг В2В моделини акс эттирувчи кўргазма-ярмарка савдолари ҳажми 2019 йилги кўрсаткичга нисбатан 53% га ортиб, 2,4 трлн сўмга тенг бўлди. Бу тизимда илк марта биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали тузилган битимларнинг кафолатини таъминловчи механизм ишга туширилди.

Ўтган йил давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz веб-сайтида шаффоф онлайн-аукциони орқали 246,6 млрд сўмга тенг 100,0 мингдан ортиқ автомобиль рақамлари сотилди. Авторақамлар сотуви сон кўрсаткичида 2,7 баробарга, қиймат бўйича 58% га ошган. Битта битимнинг ўртача қиймати 2,4 млн сўмга тенг бўлди.

Бундан ташқари, биржанинг transport.uzex.uz логистика порталида электрон савдо тизими ҳамда электрон ҳужжат алмашинуви бўйича янги exdoc.uz хизмати ишга туширилди.

Матбуот анжумани давомида биржанинг 2021 йилдаги асосий фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалари хусусида сўз борди.

Биринчи ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда биржа савдоларига янги товар ресурларини, хусусан табиий газни жалб қилиш, шунингдек, кумуш ва бошқа қимматбаҳо металлар савдосини кенгайтириш мўлжалланмоқда.

Биржа IT-компания эканлигини инобатга олган ҳолда Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш ва электрон савдо тизимларнинг ахборот хавфсизлигини кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўриш режалаштирилмоқда. Бу чора-тадбирлар савдоларнинг янги механизмларини йўлга қўйиш, жумладан биржа савдоларининг янги электрон тизими ва ягона клиринг фаолиятини ишга туширишга хизмат қилади.

Яқин орада давлат харидлари бўйича ягона портал ишга туширилиши кутилмоқда. Бу эса электрон савдоларда иштирок этиш тартибини янада енгиллаштиради. Барча турдаги давлат харидлари замонавий дизайн ва қулай интерфейсга эга битта порталга бирлаштирилади. Порталда шунингдек, товарларнинг ягона классификатори жорий этилади ҳамда мижозларни биржанинг барча савдо тизимларида ягона рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади.

Электрон тижорат йўналишида биржанинг бошқа келгусидаги режаларидан логистика бўйича электрон савдо тизимини такомиллаштириш ва онлайн-савдонинг В2С шаклини ишлаб чиқиш ишлари ўрин олган.

Бундан ташқари, биржа ходимлари малакасини ошириш ва брокерларни тайёрлаш бўйича Ўқув марказини ташкил қилиш ҳам мўлжалланган. Айни вақтда хорижий экспертлар ва малакали мураббийларни жалб қилган ҳолда биржа ходимлари учун ўқув машғулотлари ўтказилиб келинмоқда. Ушбу ташаббус биржа савдоларининг янги шаклларини жорий этиш ва трейдерлик касби йўналишида ёшлар учун янги иш жойларини яратиш имконини беради.

Тадбир давомида биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистлар ва бошқа иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 496