Mobiuz нинг чиройли мобиль рақамлари UZEX платформасига қўйилди | Новости

04 Янв 2021

Mobiuz (UMS” МЧЖ) уяли алоқа оператори пулли тоифадаги мобиль рақамларни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг mobilraqam.uzex.uz электрон савдо тизими орқали сотишни бошлади.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва “UMS” МЧЖ ўртасида тузилган келишув доирасида амалга оширилмоқда. Мобиль телефон рақамлари Mobiuz уяли алоқа оператори томонидан биржанинг ахборот тизимидаги шахсий кабинети орқали сотувга қўйилмоқда. Аукцион онлайн-режимда бошланғич нархларни кўтарилиш тартибида ўтказилмоқда.

Онлайн-аукционда харидорлар сифатида ҳам юридик, ҳам жисмоний шахслар иштирок этишлари мумкин. Фойдаланувчилар онлайн-аукционда иштирок этишлари учун www.mobilraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн рўйхатдан ўтишлари ва гаров маблағларини киритишлари керак.

www.mobilraqam.uzex.uz савдо платформаси биржанинг B2B ва B2C электрон тижорат модели бўлиб, бу Ўзбекистондаги уяли алоқа операторларининг талаб юқори бўлган мобиль рақамларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга имкон беради. Биржадаги барча электрон савдолар ва онлайн-аукционлар ошкоралик, шаффофлик, соғлом рақобат ва барча савдо иштирокчилари учун тенг шароитларни яратиш тамойилларига асосланган.

Мобиль рақамларни савдога қўйишнинг минимал муддати икки кундан иборат. Уларнинг баҳоси 300 минг сўмдан 40 млн сўмгача белгиланган. Айни пайтда Mobiuz чиройли мобиль рақамларининг қуйидаги тоифалари савдога қўйилган: Bronze, Silver Light, Silver, Gold, Super Gold, Platinum Light, Platinum, Platinum Plus.

Онлайн-аукционда иштирок этиш масалалари юзасидан қўшимча маълумот олиш учун, UZEX биржасининг Call-марказига (+71) 207-00-33 телефон рақами ёки @uzexfeedbackbot телеграм боти орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 499