Биржада 2020 йил сарҳисоб қилинди | Новости

16 Янв 2021

Жорий йил 16 январда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ да биржанинг 2020 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2021 йилдаги режаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда биржанинг марказий аппарат бўлимлари ва ҳудудий филиаллар раҳбарлари иштирок этдилар.

Тадбирни очиб берган Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси Бошқарув Раиси Зиёвуддин Бадриддинов 2020 йил якунларини сарҳисоб қилиш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб 2021 йилги устувор вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

2020 йилда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ноқулайликлар ва чекловларга қарамасдан, Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида ижобий натижаларга эришилгани қайд этилди.

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида 53,6 трлн сўмга тенг битимлар имзоланган бўлиб, бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 24,7% га юқори эканлигини кўрсатди. Жумладан биржа савдолари 24,5% га, электрон давлат харидлари 13,4% га, кўргазма-ярмарка савдолари 53% га, авторақам онлайн аукцион – 58% га ўсган.

“Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида қатор йирик инновацион лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, биржа савдолари соҳасида илк марта форвард савдолар ўтказилди. Кўргазма-ярмарка савдолари тизимида биржанинг ҳисоб-клиринг палатаси орқали тузилган битимлар кафолатини таъминловчи механизм йўлга қўйилди.

Давлат харидлари йўналишида қўшимча milliydokon.uzex.uz, электрон конкурс ва тендер бўйича etender.uzex.uz саҳифаси ишга туширилди. Шунингдек, биржанинг логистика порталида transport.uzex.uz ҳамда электрон ҳужжат айланмаси бўйича янги сервис exdoc.uz йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги устувор вазифалар белгилаб берилди:

  • биржа савдолари ва электрон тижорат бўйича янги механизмларни жорий этиш ва такомиллаштириш;
  • электрон савдоларга қўшимча товар ресурслари ва савдо иштирокчилари, хусусан кичик бизнес субъектларини жалб қилиш;
  • биржада IT-инфраструктурани такомиллаштириш ва ахборот хавфсизлигини кучайтириш;
  • биржа ҳудудий филиалларининг мижозлар билан самарали ишлаши учун қўшимча шароитлар (қулайликлар) яратиш;
  • кадрлар малакасини ошириш, уларнинг профессионал ривожланиши ва корпоратив бошқарувни такомиллаштириш.

Йиғилиш якунида тадбир иштирокчилари ўрнатилган вазифаларни амалга ошириш механизмлари борасида фикр алмашдилар ва устувор йўналишларда биржанинг кейинги фаолиятига оид аниқ (конструктив) таклифларни билдирдилар.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 520