“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ расмий баёноти
2020 йил 23 июлда Kurbanoff.net Telegram каналида кислород концентраторининг нархлари тўғрисида маълумот эълон қилинди. Унга кўра давлат харидлари бўйича электрон дўкон eshop.uzex.uz вебсайтида кислород концентраторининг нархи 11,0 ва 30, 0 млн сўмни, olx.uz вебсайтида эса 7,7 млн сўмни ташкил этган.
Муаллиф, бироздан сўнг, olx.uz вебсайтида юқорида кўрсатилган нархда кислород концентратори айни пайтда мавжуд эмаслиги ва давлат харидлари бўйича кўрсатилган нархлар тузилган битимларнинг нархлари эмаслигини кўрсатиб ўтган.
Шу билан бирга, мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида, қуйидагиларни қўшимча равишда маълум қиламиз.
Электрон дўконга жойлаштирилган нархлар иштирокчилар (сотувчилар)нинг оммавий офертаси ҳисобланиб, давлат харидлари ушбу нархларда амалга оширилганлигини англатмайди. Электрон дўконда битимлар нархлар сўрови механизмининг қўлланилиши натижасида офертада кўрсатилган нархдан пастроқ баҳода тузилиши мумкин.
Мисол учун, сўнгги маълумотларга кўра, 2020 йил 14 июлда xarid.uz давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида кислород концентраторини сотиш бўйича битим тузилган. Ўтказилган савдо натижаларига кўра кислород концентраторининг бир комплекти учун бошланғич нархи 9 800 000 сўм, харид нархи эса 9 408 000 сўмни ташкил этган. Бунда бюджет маблағларини тежалиши – 392 000 сўмни ташкил қилди. Тиббий ускуна Қашқадарё вилоятининг фтизиатрия шифохонаси томонидан харид қилинган.
Умуман олганда, 2020 йилнинг бошидан буён xarid.uz давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида жами 1 849,6 млрд сўмлик битимлар тузилди. Ўтказилган рақобатли электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағларининг тежалиши 403,4 млрд сўмни ташкил этди (бошланғич нархга нисбатан 18 %).
ОАВ вакиллари ва блогерларни давлат харидларига доир материалларни тайёрлаш чоғида, берилаётган маълумотларни объективлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон республикаси товар-хом ашё биржаси” АЖ PR бўлими ва давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ахборот хизматига мурожаат қилишларини сўраймиз.
Manbaa: "O'zRTXB" AJ PR bo'limi
Boshqa yangiliklar:
- UZEX haftalik dayjesti (11–17–noyabr)
- UZEX haftalik dayjesti (4-10-noyabr)
- Hududlarda yangi birja vositalari bo‘yicha o‘quv seminarlari davom etmoqda
- Birjada suyultirilgan gaz narxi arzonlashda davom etmoqda
- UZEX haftalik dayjesti (28-oktabr – 3-noyabr)
- Samarqandda yangi birja vositalari bo‘yicha o‘quv seminarlari bo‘lib o‘tdi