“ЎзРТХБ” АЖ Навои ва Бухорода матбуот анжуманлари ўтказди | Новости

27 Сен 2019

2019 йилнинг 26-27 сентябрь кунлари Навоий ва Бухорода “ЎзРТХБ” АЖ томонидан “Биржа савдолари ва электрон тижоратни янада ривожлантиришда электрон логистика порталининг роли ва аҳамияти” мавзусида семинарлар бўлиб ўтди. Семинарлар доирасида оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжуманлари ҳам ўтказилди. Тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни биржанинг янги логистика порталида биржа савдолари ва электрон давлат харидлари иштирокчилари учун яратилган имкониятлар билан таништиришдан иборат бўлди.

“ЎзРТХБ” АЖ нинг Навоий ва Бухоро филиаллари семинарлар ва матбуот анжуманларининг ташкилотчилари сифатида иштирок этишди. Тадбирда, шунингдек, биржа савдолари, кўргазма-ярмарка савдо ва онлайн аукцион иштирокчилари, тадбиркорлар, брокер ва трейдерлар, ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

image

image

Семинарларда таъкидланганидек, “ЎзРТХБ” АЖ замонавий ахборот технологияларига асосланган ҳолда товар бозорларида очиқ ва ошкора биржа савдолари ва онлайн аукцион савдоларини янада такомиллаштириш чораларини кўрмоқда. Биржа савдоси ва электрон тижорат соҳасида жорий этилган энг сўнгги лойиҳаларидан бири бу mytransport.uz логистика бўйича янги электрон портали ҳисобланади.

Электрон портал Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги “Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4230 сонли қарорига мувофиқ, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5564 сонли фармонини ижро этиш доирасида автотранспортда юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва ташувчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ушбу портал онлайн тарзда юкларни ташиш учун буюртма бериш ва қулай қидирув тизими орқали лицензияланган юк ташувчилардан энг яхши таклифни топиш имконини беради.

Вебсайтдан фойдаланиш учун буюртмачи mytransport.uz порталининг шахсий кабинетида ўз аккаунтини очади ҳамда ўзининг буюртмасини электрон шаклда расмийлаштириш мақсадида юк ва уни ташиш шартлари тўғрисидаги маълумотларни киритади. Ўз навбатида, электрон тизим буюртмани қабул қилиб олади ва шартнома тузиш учун лицензияланган ташувчиларга ўз таклифини юборади.

Порталда буюртма бажарувчиси, яъни юк ташувчиларни излаш жараёнида, буюртмачи онлайн тарзда мижозлар билан интерактив музокараларни олиб бориши ҳамда юк ташувчилардан тижорат таклифларини олишлари мумкин. Юкни етказиб бериш таклифи киритилиши билан ҳамда юк ташиш бўйича транспорт компанияси танланганлигидан сўнг электрон тизимда юк ташувчилар томонидан тасдиқланган лот шаклланади.

Транспорт хизматлари фойдаланувчилари учун қулайликлар яратиш мақсадида яқин кунларда порталда GPS кузатуви қўшимча функциясини жорий этилиши ҳам режалаштирилмоқда. Семинарлар давомида иштирокчиларга электрон логистика порталини видео тақдимоти ҳам намойиш этилди.

Айни пайтда порталда 67,0 мингдан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган 5,8 мингдан зиёд автоташувчилар рўйхатга олинган. Логистика бўйича янги портал хизматидан ҳам биржа савдо иштирокчилари ва ҳам электрон давлат харидларининг етказиб берувчилари фойдаланишлари мумкин.

image

image

Жорий йилнинг яна бир янгиликларидан бири – чиройли сонлар комбинациясига эга уяли телефон рақамларини сотиш бўйича янги савдо платформаси mobilraqam.uzex.uz вебсайти ҳисобланади. Ушбу савдо платформасига қизиқиш билдирган биринч уяли алоқа оператори “COSCOM” MChJ (Ucell савдо белгиси) бўлди. Вебсайт ишга туширилган пайтидан буён «COSCOM» МЧЖ (Uсell савдо белгиси) уяли алоқа операторининг 262,3 млн сўмлик 181 та мобиль рақамлари онлайн-аукцион орқали сотилди.

image

image

image

Умуман олганда, 2019 йилнинг 8 ойи давомида “ЎзРТХБ” АЖ томонидан 28,0 трлн сўмлик битимлар тузилди, бу 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 42% га кўп. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 13,8 трлн сўмдан ошди, бу 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 42% га кўп. Шу жумладан тадбиркорлар биржа орқали 9,1 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилишган ва 4,7 трлн сўмга тенг ўзлари ишлаб чиқарган товарларни сотишган.

Электрон давлат харидлари тизимида умумий қиймати 2,3 трлн сўмлик битимлар тузилди. Бюджетдан ва корпоратив буюртмачилари томонидан тежалган маблағларнинг умумий миқдори 463,6 млрд сўмни ташкил этди. Ҳозирги вақтда электрон савдолар жараёнида битта буюртма бўйича ўртача 5 та таклиф келиб тушмоқда, бу эса ушбу соҳада кенг рақобат муҳити шаклланишидан далолат беради.

Савдоларнинг ижобий динамикаси “ЎзРТХБ” АЖ нинг ҳудудий филиалларида ҳам кузатилмоқда. Шу жумладан, 2019 йил январь-август ойларида “ЎзРТХБ” АЖ нинг Навоий филиалида амалга оширилган ярмарка битимларининг ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,7% га ўсиб, 7,9 млрд сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, вилоятда биржанинг онлайн-аукциони орқали 3,1 млрд сўмлик 1,0 мингта авторақамлар сотилган, бу ўтган йилга нисбатан икки маротабага кўпдир. Навоий вилояти давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали xarid.uz да тузилган битимлар бўйича пойтахт ҳудудидан сўнг иккинчи ўринда туради. Вилоятда жами 273,2 млрд сўмлик электрон давлат харидлари амалга оширилган.

image

image

image

“ЎзРТХБ” АЖ нинг Бухоро филиалида 593,4 млрд сўмлик битимлар тузилди, бу 2018 йил январь-августидаги мос кўрсаткичка нисбатан 54% га кўпдир. Ўсиш кўрсаткичлари биржанинг барча савдо платформалари бўйича кузатилмоқда. Хусусан, Бухоро филиалида биржа савдоларининг ҳажми 24% га, ярмарка савдолари  уч баробар, электрон давлар харидлари 70% га, авторақамлар бўйича онлайн-аукцион савдолар ҳажми икки баробар ошди. Бундан ташқари вилоятда 7,3 млн АҚШ долларлик экспорт шартномалари имзоланди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 маротабага кўпдир.

Семинар якунида биржа фаолиятини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди, биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Источник : Пресс-служба АО УзРТСБ

Курилди: 972