Наманган ва Фарғонада “ЎзРТХБ” АЖнинг навбатдаги матбуот анжуманлари ўтказилди | Новости

09 Авг 2019
2019 йил 8-9 август кунлари “ЎзРТХБ” АЖ томонидан Наманган ва Фарғонада “Маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқишда “ЎзРТХБ” АЖ хорижий савдо майдончаларининг афзалликлари” мавзусида семинарлар бўлиб ўтди. Семинарлар доирасида оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжуманлари ҳам ўтказилди. Тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни “ЎзРТХБ” АЖ биржа савдолари орқали маҳаллий товарларни экспорт қилиш имкониятлари билан таништиришдан иборат бўлди.
 
“ЎзРТХБ” АЖ нинг Наманган ва Фарғона филиаллари семинар ва матбуот анжумани ташкилотчилари сифатида иштирок этишди. Тадбирда, шунингдек, биржа савдолари, кўргазма-ярмарка савдо ва онлайн аукцион иштирокчилари, тадбиркорлар, брокер ва трейдерлар, ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Семинарларда таъкидланганидек, сўнги йилларда “ЎзРТХБ” АЖ хорижий ҳамкорлар билан алоқалари кенгайтирди ва “ЎзРТХБ” АЖ валюта савдо майдончасида экспорт қилувчи корхоналар фаоллашди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан, биринчи ўринда қўшни давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига ва улар ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажмининг янада ошишига ижобий таъсир кўрсатди.
 
Мазкур йўналишда олиб борилган ишлар доирасида хорижий биржалар билан замонавий биржалар савдоларини ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш ва қўшма савдоларни ўтказиш бўйича келишувларга эришилди, брокерлик идораларнинг ўзаро аккредитацияси амалга оширилди ва биржанинг бир нечта янги хорижий савдо майдончалари очилди.
Хорижий савдо майдончалари бу электрон биржа савдоларининг ягона тизимига уланган биржанинг масофадаги савдо марказларидир. Улар тадбиркорларга “ЎзРТХБ” АЖ биржа савдоларига эркин қатнашиш ҳуқуқини ва биржа битимларни мустақил равишда рўйхатдан ўтказиш имкониятини беради. Хорижий биржа савдо майдончаларининг асосий устунлиги бу электрон ва онлайн савдоларга бевосита товар ишлаб чиқарувчилар ва якуний истъемолчиларни жалб қилишдир. Биржанинг ягона савдо тармоғи ортиқча сарсонгарчиликларсиз оператив равишдаги ҳужжат айланмаси йўлга қўйилганлиги боис вақт ва маблағни тежаш имконини беради.
 
Бугунги кунда “ЎзРТХБ” АЖ нинг хорижий савдо майдончалари Хитой, Россия, Белорусия, Қозоғистон ва Қирғизистонда фаолият юритиб келмоқда. Аккредитациядан ўтган брокерлик идоралари “ЎзРТХБ” АЖ биржа савдоларида иштирок этиш учун чет эллик мижозларининг буюртмаларини олишмоқда. Савдо майдончаларининг мутахассислари биржа савдоларига маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш мақсадида мунтазам равишда маркетинг тадбирларини олиб бормоқда.
Шу билан бирга, хорижий савдо майдончалари тармоғининг кенгайиши нафақат маҳаллий товарларни ташқи бозорларга олиб чиқишга, балки талаб юқори бўлган товарларни олиб кириш орқали ички нархларнинг барқарорлашишига ёрдам беради. Савдо иштирокчилари бир вақтнинг ўзида биржа савдолари билан бирга кўргазма-ярмарка савдолари тизими орқали ҳам В2В онлайн савдоларида иштирок этишлари мумкин.
 
Умуман олганда, 2019 йилнинг 7 ойилик якунларига кўра, “ЎзРТХБ” АЖ электрон савдолари орқали амалга оширилган экспортнинг умумий ҳажми 90,3 млн АҚШ долларини ташкил этди, бу эса 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 47% га кўпдир. Амалга оширилган экспортнинг таркибида пахта толасининг улуши 49 %, полиэтилен – 27 %, нефть маҳсулотлари – 14 % ва суюлтирилган газ – 8% ни ташкил этди. Бозорнинг қолган қисмини полипропилен, пахта ёғи, пахта чигити шроти ва хўжалик совунлари эгаллади.
Семинарларда “ЎзРТХБ” АЖ муқобил савдо платформаларини янада ривожлантириш устида фаол ишлар олиб борилаётганлиги айтиб ўтилди. Шу жумладан, чиройли сонлар комбинациясига эга уяли телефон рақамларни сотиш бўйича савдо тизимининг тақдимоти бўлиб ўтди ва харидорларнинг шахсий кабинет орқали онлайн-аукцион савдоларида иштирок этиш тартиби батафсил тушунтирилди.
 
Таъкидланишича, “ЎзРТХБ” АЖ янги савдо майдончаси ишга туширилгандан буён mobilraqam.uzex.uz вебсайтида «COSCOM» МЧЖ (Uсell савдо белгиси) нинг умумий қиймати 208,4 млн сўмлик 129 та мобиль рақамлари сотилган. Биржа томонидан ўтказилган электрон аукционларда республикамизнинг барча ҳудудларидан харидор иштирок этишган. Шу жумладан, Наманган вилоятдаги ххаридорларнинг улуши 7% ва Фарғона вилоятининг улуши – 2% ташкил этди.
Айни пайтда mobilraqam.uzex.uz вебсайтига «COSCOM» МЧЖ (Uсellтм) компаниясининг 600 дан зиёд мобиль рақамлари сотувга қуйилган. Ўз навбатида бошқа уяли алоқа компаниялар ҳам электрон аукцион савдосида мобиль рақамларини сотувчиси сифатида иштирок этиш учун “ЎзРТХБ” АЖ билан келишув тузишлари мумкин.
 
“ЎзРТХБ” АЖ ҳудудий филиаллари ишларининг натижаларига келсак, жорий йилда барча йўналишлар бўйича ижобий тенденция кузатилмоқда. Мисол учун, 2019 йилнинг январ-июль ойларида “ЎзРТХБ” АЖ Наманган филиалида тузилган битимларнинг ҳажми 56,7% га ўсиб 571,5 млрд сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, кўргазма-ярмарка савдоларининг ҳажми 12%га ошди ва 148,9 млрд сўмни ташкил этди.
 
“ЎзРТХБ” АЖ Фарғона филиалида эса 1,3 трлн сўмлик битимлар имзоланди ва бу 2018 йилнинг январь-июль ойларидаги кўрсаткичдан 28,2% га кўпдир. Шу билан бирга, жорий йилда филиал томонидан 2,0 млн АҚШ долларлик экспорт битимлари расмийлаштирилди.
 
Семинар давомида иштирокчилар учун “ЎзРТХБ” АЖ хорижий савдо майдончалари фаолияти тўғрисидаги видео тақдимоти ўтказилди. Тадбирлар якунида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 4339