“ЎзРТХБ” АЖ янги электрон логистика порталини ишга туширди
“ЎзРТХБ” АЖ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда тест режимида mytransport.uz янги логистика порталини ишга туширди.
Электрон портал Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги “Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4230 сонли қарорига мувофиқ, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5564 сонли фармонини ижро этиш доирасида автотранспортда юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва ташувчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида ишлаб чиқилди.
Биржанинг янги логистика портали Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан автотранспортда юкларни ташиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган ташувчиларнинг ягона ахборот ресурси бўлиб, унда буюртмачилар ва йўл транспорти ташкилотлари ўртасида тузилган шартномалар қайд этилади, ҳамда транспорт логистика хизматларини кўрсатиш бўйича электрон интерактив савдоларни ўтказиш учун маълумотлар электрон шаклда жамланади.
Вебсайтдан фойдаланиш учун буюртмачи mytransport.uz порталининг шахсий кабинетида ўз аккаунтини очади ҳамда ўзининг буюртмасини электрон шаклда расмийлаштириш учун юк ва уни ташиш шартлари тўғрисидаги маълумотларни киритади. Ўз навбатида, электрон тизим буюртмани қабул қилиб олади ва шартнома тузиш учун лицензияланган ташувчиларга ўз таклифини юборади.
Порталда буюртма бажарувчиси, яъни юк ташувчиларни излаш жараёнида, буюртмачи онлайн тарзда мижозлар билан интерактив музокараларни олиб бориши ҳамда юк ташувчилардан тижорат таклифларини олишлари мумкин. Юкни етказиб бериш таклифи киритилиши билан ҳамда юк ташиш бўйича транспорт компанияси танланганлигидан сўнг электрон тизимда юк ташувчилар томонидан тасдиқланган лот шаклланади.
Транспорт хизматлари фойдаланувчилари учун қулайликлар яратиш мақсадида яқин кунларда порталда GPS кузатуви қўшимча функциясини жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Manbaa: "O'zRTXB" AJ PR bo'limi