Июнда ЎзРТХБнинг биржа савдолари орқали 77,8 млн сўмлик қимматбаҳо металлар сотилди
2019 йил июнь ойида “ЎзРТХБ” АЖнинг биржа савдолари орқали 77,8 млн сўмлик 10,1 минг грамм қимматбаҳо металлар сотилди. Тузилган битимларнинг ҳажми бўйича асосий қисмини кумуш эгаллади. Хусусан, биржа савдоларида 41,1 млн сўмлик 10,0 минг грамм Ag-1 маркали кумуш қуймаси сотилди. Савдо натижаларида шаклланган биржа нархи 1 грамм кумуш учун 4 115,1 сўмни ташкил этди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 18 июнида биржада 36,6 млн сўмлик Au-1 маркали 100 грамм олтин сотилган. Биржа котировкаси 1 грамм олтин учун 365,9 минг сўмни ташкил қилган. Биржа савдоларида сотувчи сифатида “Олмалиқ КМК” АЖ иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 мартдаги №186-сонли “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ биржа савдоларида қимматбаҳо металларни сотиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан, саноатда ишлатиладиган маҳсулотларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, юридик шахслар ва якка тадбиркорлар — қимматбаҳо металлардан заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар ишлаб чиқарувчилар биржа савдоларида қимматбаҳо металларнинг харидорлари ҳисобланадилар.
Заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар ишлаб чиқарувчилар савдоларда иштирок этиш учун биржага Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги томонидан бериладиган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни тақдим этишлари керак.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар савдоларда иштирок этиш учун биржага Агентликнинг Давлат асиллик палатаси томонидан бериладиган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини тақдим этиши керак.
Manbaa: "O'zRTXB" AJ PR bo'limi