“ЎзРТХБ” АЖ Сирдарё филиали матбуот анжуманини ўтказди | Новости

01 Июн 2019

2019 йил 30 май куни Гулистон шаҳрида биржа савдолари ва давлат харидлари иштирокчилари учун семинар бўлиб ўтди. Мазкур тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжумани “ЎзРТХБ” АЖ Сирдарё филиали томонидан ташкил этилди. Анжуманда биржа савдолари иштирокчилари, давлат харидлари буюртмачилари ва етказиб берувчилари, трейдерлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

image

Тадбирнинг ўтказишдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни биржа савдолари ва электрон давлат харидлари бўйича эришилган натижалари билан таништириш, ҳамда биржа мижозларини электрон савдоларда иштирок этиш бўйича долзарб масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Анжуман бошланишида тадбир иштирокчилари учун товар хом-ашё биржасининг ривожланиш динамикаси, ҳамда биржа савдолари ва электрон давлат харидларининг механизмлари мазмун-моҳиятини очиб берувчи видео тақдимот намойиш этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, йилнинг бошидан буён “ЎзРТХБ” АЖ савдолари бўйича ижобий динамика кузатилмоқда. 2019 йил январь-апрель ойларида 13,4 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62,5% га ўсган. Биржа орқали амалга оширилган экспортнинг ҳажми эса ўтган йилга нисбатан 20%га ўсиб, 41,4 млн АҚШ долларни ташкил қилди.

Бизнеснинг биржа ва аукцион савдоларидаги фаол иштироки эвазига “ЎзРТХБ” АЖнинг товар айланмасининг жадал суръатлар билан ўсишига эришилди. Шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 6,2 трлн сўмни ёки ўтган йилнинг 4 ойи билан солиштирганда 60%га ўсди. Тадбиркорлар биржа орқали 4,3 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 1,9 трлн сўмлик ишлаб чиқарилган маҳсулотларини сотишди.

Шу билан бирга давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали xarid.uz нинг ишга тушган давридан бошлаб давлат харидлари соҳасидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бюджет ташкилотлар ва давлат улуши бўлган корхоналар маблағидан самарали фойдаланиш, шунингдек, бу соҳада рақобатни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича ижобий натижаларга эришилди.

“ЎзРТХБ” АЖ оператори ҳисобланган xarid.uz порталида давлат харидларига оид барча муҳим маълумотлар чоп этилади, шунингдек давлат ва корпоратив буюртмачилар учун бошланғич нархни пасайтириб бориш механизми асосидаги электрон дўкон ва аукцион шаклида давлат харидлари ўтказиб келинади.

image

2019 йилнинг январь-апрель ойларида давлат харидлари тизимида 913,6 млрд сўмлик битимлар тузилди. Бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг пул маблағларини тежалиши 170,4 млрд сўмни ташкил этди.  Давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг ижро этиш даражаси эса 95% дан ошди. Бугунги кунда давлат харидлари бўйича ўтказилган савдолар давомида ҳар бир талабномага ўртача 5 та таклиф келиб тушмоқда. Бу ўз навбатида соҳада соф рақобат муҳити яратилганлигидан далолат беради.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ Сирдарё филиалида тузилган битимларнинг қиймати ўтган йилнинг январь-апрель ойларига нисбатан икки маротабага ўсиб, 196,1 млрд сўмни ташкил этди. Шу жумладан, биржа савдолари платформасида 174,0 млрд сўмлик битимлар ва давлат харидлари бўйича эса 15,1 млрд сўмлик битимлар тузилган. Тузилган битимларнинг қолган қисми бошқа савдо платформаларига тўғри келмоқда.

Семинарда “ЎзРТХБ” АЖ интерактив хизматлар ёрдамида биржанинг барча мижозлари учун қўшимча қулайликларни яратишга алоҳида урғу берилиши таъкидлаб ўтилди. Улар қаторида энг кўп фойдаланиладиган хизматлар турига Call-марказ, биржанинг расмий вебсайтидаги онлайн-консультация, мижознинг шахсий кабинети, видео йўриқномалар ва тўлдириш шакллари киради. Вебсайтда, шунингдек аноним сўровномалар ҳам мавжуд бўлиб, ушбу хизмат орқали фойдаланувчилар ўзларининг шахсий маълумотларини киритмасдан биржа фаолиятидаги камчиликлар юзасидан ўз фикрларини билдиришлари мумкин.

Биржа фаолиятига доир муаммоли масалаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида мунтазам равишда фуқарорларни сайёр қабуллари, ўқув семинарлари ва очиқ эшиклар кунлари ташкиллаштирилмоқда. Ўз навбатида муаммоли масалалар бўйича келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этиш бўйича тегишли қарорлар ва чора тадбирлар қабул қилинмоқда.

Мисол учун яқинда қабул қилинган қарорлардан бири бу электрон давлат харидлари тизимида товарларни етказиб бериш муддатини узайтирилиши ҳисобланади. Айни пайтда буюртмачилар томонидан давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига эълонларни жойлаштиришда товарни етказиб бериш муддати камида 3 кун деб белгиланади. Бундан аввал ушбу муддат ўртача 1-3 кунларни ташкил этган бўлиб, бу ҳолат товар етказиб берувчилар учун давлат харидлари соҳасида ноқулайликларни туғдирган эди.

Анжуман якунида биржа мутахассислари журналистлар ва анжуманнинг бошқа  иштирокчилари қизиқтирган саволларига жавоб бердилар. 

Источник : Пресс-служба АО УзРТСБ

Курилди: 460