Биржа давлат харидлари бўйича матбуот анжуманини ўтказди | Новости

05 Апр 2019
2019 йил 4 апрель куни Миллий матбуот марказида “Давлат харидлари тизимида шаффофликни таъминлаш ва рақобатни кучайтириш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуман “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ташкил этилди. Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад давлат харидлари соҳасида эришилган натижалар ва сўнгги ўзгаришлар ҳақида кенг жамоатчиликни бохабар қилишдан иборат бўлди.
 
Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги ПФ-5624-сонли “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Агентликнинг давлат харидлари йўналишидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ўтказилиб, вазирлик ушбу соҳадаги ваколатли орган эканлиги тасдиқланди.
Шу муносабат билан айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан давлат харидлари соҳасини янада такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда, хусусан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисидаги” Қонуни ва бошқа қонуности ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш режалаштирилган.
 
Шу билан бирга давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали xarid.uz нинг ишга тушган давридан бошлаб давлат харидлари соҳасидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бюджет ташкилотлар ва давлат улуши бўлган корхоналар маблағидан самарали фойдаланиш, шунингдек, бу соҳада рақобатни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича ижобий натижаларга эришилди.
 
“ЎзРТХБ” АЖ оператори ҳисобланган xarid.uz порталида давлат харидларига оид барча муҳим маълумотлар чоп этилади, шунингдек давлат ва корпоратив буюртмачилар учун бошланғич нархни пасайтириб бориш механизми асосидаги электрон дўкон ва аукцион шаклида давлат харидлари ўтказиб келинади.
Электрон давлат харидларининг янги тизимига электрон рақамли имзо ва тузилган битимлар ижросини Ҳисоб-китоб клиринг палатаси (ҲКП) орқали кафолатлаш механизми муваффақиятли жорий этилди. Ҳозирги пайтда электрон тизимда 60 мингдан зиёд буюртмачилар ва етказиб берувчилар рўйхатдан ўтган. Рўйхатдан ўтган иштирокчиларнинг аксарият қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Давлат харидлар бўйича ўтказилаётган электрон савдолар давомида ҳар бир талабномага ўртача 5 та таклифлар келиб тушмоқда. Бу ўз навбатида соҳада рақобат муҳити шаклланганлигидан далолат беради.
 
Умуман олганда янги тизим ишга тушгандан буён умумий қиймати 2,5 трлн сўмлик битимлар тузилган. Бюджет ва корпоратив буюртмачилар маблағларини тежаш ҳажми эса 422,8 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари бўйича 2018 йилда тузилган битимларнинг ижро этиш даражаси эса 95%га етди.
 
2019 йил I чорак якунига кўра  xarid.uz порталида умумий қиймати 578,1 млрд сўмга тенг 122 мингдан зиёд шартнома тузилди. Хусусан, бюджет буюртмачилар 201,4 млрд сўмга тенг 73 мингта битим, корпоратив буюртмачилар эса қиймати 376,7 млрд сўмга тенг 49 мингта битим имзоладилар. Яъни, электрон дўконда 175,2 млрд сўмлик, электрон аукционда эса 402,9 млрд сўмлик шартномалар имзоланган. Мазкур битимлар орасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улуши 95% дан ортиқни ташкил қилади.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг 102,8 млрд сўмлик маблағи иқтисод қилинди. Жумладан, электрон дўкон орқали иқтисод қилинган маблағ қиймати 22,8 млрд сўмни, электрон аукцион орқали тежалган маблағ қиймати эса 80,0 млрд сўмни ташкил қилди.
Ҳудудий кўрсаткичларга кўра, давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг аксарият қисми, яъни 46% қисми Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тузилган. Бу борада кейинги қатордан Навоий вилояти жой олди. Ҳудуднинг улуши 15% га тенг. Фарғона вилояти 7%, Хоразм вилояти 5% улушга эга бўлди. Бошқа ҳудудларнинг улуши 2-4% атрофида.
 
Қўшимча тариқасида таъкидлаш керакки, биржа мутахассислари томонидан буюртмачилар ва етказиб берувчилар ўртасида уларнинг давлат харидларида иштироки бўйича сўровнома ўтказилди ва унинг натижасида мижозларга тегишли шахсий кабинет имкониятларини янада мукаммаллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, шахсий кабинетда “Шартномани бекор қилиш” функцияси киритилди. Бу орқали иштирокчилар ўзаро келишиб, жарима қўлланилмаган ҳолда тузилган шартномани бекор қилишлари мумкин. Бундан ташқари, савдо иштирокчилари шахсий кабинет орқали ўз реквизитлари, ҳамда танлов ва тендер натижаларига ўзгартиришлар киритиш имкониятига эга бўлдилар. 
 
Муаммоли вазиятларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖ раҳбарияти томонидан республиканинг ҳар бир туманида сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. 2019 йил I чорак якунига кўра сайёр қабуллар чоғида фуқаролардан тушган 100 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди, уларнинг 70% қисми давлат харидлари тизимига оид саволлардир. 
Мурожаатларнинг аксарият қисми электрон давлат харидлари тизимида мижозларнинг иштирок этиш тартиби ва буюртмачи ҳамда етказиб берувчи ўртасида юзага келган баҳсли вазиятларга тааллуқли. Баҳсли ҳолатлар юзага келишини олдини олиш мақсадида қонун ҳужжатларига асосан тузилган шартнома доирасида иштирокчилар ўз мажбуриятларини бажаришлари муҳим эканлиги таъкидланди. Хусусан, буюртмачилар ва етказиб берувчилар шахсий кабинетда амалга оширилган ҳаракатларига ҳамда порталда жойлаштирилган маълумот учун ўзлари жавобгардирлар.
Келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми шу жойнинг ўзида ҳал қилинди, бошқа муаммоли ҳолатлар бўйича бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди, шунингдек, меъёрий ҳужжатларга зарур ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
 
Тадбир якунида анжуман иштирокчилари мавзу доирасида ўзаро фикр алмашдилар, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 3580