Ўтган ҳафтада биржанинг онлайн аукциони орқали 754 та автомобиль рақам белгилари сотилди | Новости

19 Мар 2019

2019 йилнинг 11 мартдан 17 мартгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 973,7 млрд сўмлик битимлар тузилди. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 37,2% га ўсиб, деярли 438,6 млрд сўмни ташкил этди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 639,9 млрд сўмдан 973,7 млрд сўмга кўтарилди. Сотувлар бўйича биринчи ўринни қурилиш материаллари эгаллаб, унинг улуши 21,4% ни ташкил этди. Кейинги ўринларда пахта толаси – 15,7%, кимё маҳсулотлари – 14,9% ва нефть маҳсулотлари – 12,5% улуш билан жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали 2,9 млн АҚШ доллардан ортиққа тенг товарлар сотилди. Ўтган ҳафтада экспортга пахта толаси ва полиэтилен катта ҳажмда сотилиб, уларнинг улушлари мос тарзда 53% ва 39% ни ташкил этди. Бошқа товарларнинг улуши 8 %га тенг.

Жорий 2019-йилнинг 11 мартдан 17 мартгача бўлган вақт оралиғида биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  қишлоқ хўжалиги, минерал ўғит, нефть маҳсулотлари ва бошқа товарларга 224 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми аввалги ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 218,9% га ўсди ва 44,5 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 28,4 миллиард сўмни ёки тузилган битимларнинг 63,8%ни эгалади.

Тузилган битимларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 35,7 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Наманган филиали 5,6 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Бухоро филиали 1,6 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 18,6 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қора ва рангли металлар (6,5 млрд сўм) ва эҳтиёт қисмлар (2,8 млрд сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 754 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси деярли 3,4 миллиард сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 23% биринчи тоифадаги авторақамларга, 52% иккинчи ва 25% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Самарқанд авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 24% га тенг. Иккинчи ўринда Тошкент ва Тошкент вилоятининг авто ҳаваскорлари 22% улуш билан жойлашди. Кейинги ўрин Бухоро вилоятининг авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, ҳар бирининг улуши 9% ни ташкил қилди. Қолган ҳудудларнинг улуши 45% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 51,2 миллиард сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар тузилди. Бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг пул маблағини тежалиши 9,2 млрд сўмни ташкил этди.

Ўтган давр мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 19,7 миллиард сўмдан ортиқ битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 31,4 миллиард сўмдан зиёдга тенг шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 19,9 миллиард сўмдан ортиқни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 31,2 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди.

Манбаа : "ЎзРТХБ" Матбуот хизмати

Кўрилди: 7187