Биржада ўтган ҳафта савдолар натижалари (4 – 10 февраль) | Новости

14 Фев 2019

2019 йилнинг 4 февралдан 10 февралгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 856,9 млрд сўмлик битимлар тузилди ва бу аввалги ҳафтага нисбатан 4,5% га кўпдир. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 11,9% га ошиб, 384,2 млрд сўмни ташкил этди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 759,6 млрд сўмдан 774,8 млрд сўмгача ошди. Сотувлар бўйича биринчи ўринни пахта толаси эгаллаб, унинг улуши 20,5% ни ташкил этди. Кейинги ўринларда кимё маҳсулотлари – 17,9%, қурилиш материаллари – 15,0% ва нефть маҳсулотлари – 12,0% улуш билан жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали салкам 7,2 млн АҚШ долларга тенг товарлар сотилди. Ўтган ҳафтада экспортга пахта толаси ва полиэтилен сотилиб, уларнинг улушлари мос тарзда 59% ва 39% ни ташкил этди. Бошқа товарларнинг улуши 2% га тенг бўлди.

Жорий 2019-йилнинг 4 февралидан 10 февралигача бўлган вақт оралиғида биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  қишлоқ хўжалиги, минерал ўғит, нефт маҳсулотлари ва бошқа товарларга 351 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми аввалги ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 42,1% га ўсди ва 27,0 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 14,2 миллиард сўмни ёки тузилган битимларнинг 52,4%ни эгалади.

Тузилган битимларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 14,8 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Наманган филиали 10,6 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Бухоро филиали 0,7 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 15,9 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан эҳтиёт қисмлар (5,8 млрд сўм) ва қурилиш материаллари (0,6 млрд сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 620 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси деярли 2,8 миллиард сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 23% биринчи тоифадаги авторақамларга, 50% иккинчи ва 27% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 22% га тенг. Иккинчи ўринда Самарқанд вилоятининг авто ҳаваскорлари 18% улуш билан жойлашди. Кейинги ўрин Андижон вилоятининг авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши 13% ни ташкил қилди. Қолган ҳудудларнинг улуши 47% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 52,3 миллиард сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар тузилди. Бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг пул маблағини тежалиши 8,6 млрд сўмни ташкил этди.

Ўтган давр мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 18,3 миллиард сўмдан ортиқ битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 34,0 миллиард сўмдан зиёдга тенг шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 16,9 миллиард сўмдан ортиқни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 35,5 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 5197