UZEX биржаси 2019 йилни қандай якунламоқда? | Новости

26 Дек 2019
Савдонинг оддийгина қонуни бор – ҳалоллик! Аслида савдода очиқлик, соғлом рақобат, тенглик, шаффофлик каби яна кўплаб тамойилларни ҳам санаб ўтиш мумкин. Аммо, буларнинг барчаси якунда барибир ана шу қонуният – ҳалолликка хизмат қилади.
 
Биржа тўғрисида фикр юритилганда, кўз олдимизга сон-саноқсиз мониторлар, улардаги турли кўрсаткичлар, котировкалар, рақамлар ва албатта уларни диққат билан кузаётган брокерлар ва ишбилармонларнинг қиёфалари келади.
 
Аслида-чи? Шу тасаввурнинг ўзи етарлимикан? Сиз республикамиз биржалари ҳақида қанчалик билимга эгасиз? Ва сўзимиз аввалида тилга олинган ҳалоллик бугунги биржалар фаолиятида бош мезонга айланиб улгурганми?
 
Келинг, якунланиб бораётган 2019 йилдаги Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси фаолиятини сарҳисоб қилиб, айнан мана шу саволларга жавоб излайлик!
Дарвоқе, биржа ўзи нима? Амалдаги қонунчилигимизга назар ташласак, биржа – олдиндан белгиланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида биржа савдоларини ташкил этувчи юридик шахс.
 
Содда қилиб айтганда, сотувчи ва харидор, талабгор ва таклиф этувчининг савдолашиш нуқтаси, ўзига хос бозор! Анъанавий бозор қонуниятларини четлаб ўтган ҳолда, биржада иккала томон ҳам ўз офисидан чиқмасдан туриб, олди-сотди ишларини амалга ошириши мумкин.
 
Биржада ҳал қилувчи роль ўйнайдиган энг муҳим омил бу – нархлар! Нархлар эса аллақандай бюрократик, маъмурий ёки мавҳум усуллар асосида эмас, энг аввало, бозор механизмлари асосида, реал ҳаётга мос равишда шаклланмоғи лозим.
 
Мана, айни шу нуқтада нега бугун кўплаб ўзбекистонликлар, айниқса иқтисодиёт ва молия соҳасида фаолият юритмаётган оддий одамлар ҳанузгача биржа ҳақида етарли тасаввурларга эга эмаслигининг сабаблари секин-аста аён бўла бошлайди.
 
Биржа савдолари ҳақидаги эълонларни, ҳар гал янгиликлар вақтида телеэкранлар остида намоён бўладиган биржага доир титр ва ҳаракатланувчи сатрларни ҳам бепарволик билан кузатамиз. Шу топда улар кўпчилик учун оддий шакллар, оддий рақамлардан бошқа ҳеч нарса эмас!
 
Бироқ масалага чуқурроқ ёндашганда, якунига етаётган 2019 йилда соҳада сезиларли ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Масалан, 2019 йил март ойидан бошлаб “ЎзРТХБ” АЖ биржа савдолари орқали илк маротаба қимматбаҳо металларнинг сотуви йўлга қўйилди.
Муҳим янгиликлардан яна бири биржанинг электрон тижорат соҳасига оид бўлиб – мобиль рақамларни сотиш бўйича янги савдо платформасининг жорий этилиши бўлди.  mobilraqam.uzex.uz доменида фаолият юритаётган, чиройли сонлар комбинациясига эга уяли телефон рақамларини сотишга хизмат қилувчи мазкур платформага ҳозирча республикамиздаги битта мобиль алоқа оператори жалб этилган.
 
Чиройли рақамлар электрон аукционига фойдаланувчилар сони бўйича республикада етакчи бўлган бошқа мобил операторларни ҳам қизиқтира билиш, уларни ҳам бунга жалб этишни – ҳали тўла ишга солинмаган имкониятлар деб баҳолаш мумкин.
 
Шунингдек, жорий йилда “ЎзРТХБ” АЖ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда mytransport.uz логистика бўйича янги электрон порталини ҳам ишга туширди. Портал фойдаланувчилари, шу жумладан биржа савдо ва электрон тижорат иштирокчилари учун электрон тизимда товарни етказиб бериш бўйича лицензияга эга автоташувчиларидан энг яхши таклифни олиш имконига эга бўлдилар. 
Биржа савдоларига қайтамиз. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори билан Аи-91 русумли автомобиль бензинининг чакана нархи биржа савдолари орқали бозор қоидалари асосида, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда эркин ўрнатила бошлади.
 
Шу ўринда савол туғилади. Нима сабабдан 91-русумли бензиннинг нархи автомобиль ёқилғи шахобчаларида 5700 сўм, биржада эса 6241 сўм? Айтиш жойизки, бу биринчи навбатда биржада сотиладиган 91-русумли бензиннинг нархи тоннада, шохобчаларда эса литр ўлчовларида белгиланиши билан боғлиқ. Турли манбаларда келтирилишича, автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1350 литрни ташкил қилади. Қолаверса, эндиликда шохобчалар мазкур русумли бензинни биржа орқали харид қилиб, унинг нархини ўзларининг харажатларидан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эга бўлишди.
Бундан ташқари, биржада шаклланиб бораётган нархлар нафақат ўсиши, балки пасайиши мумкинлигини ҳам эслатиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Мисол учун, янги тартиб ўрнатилган пайтдан бошлаб 2019 йилнинг охирларигача бўлган даврда биржадаги нархлар ўртача 4,6 фоизга, яъни маҳсулотнинг бир тоннаси учун максимал 6527 минг сўмдан 6226 минг сўмгача тушган.
 
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги  “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ 2019 йил 15 октябрдан буғдой ва буғдой унининг маълум категорияси ҳам ҳеч қандай чекловларсиз очиқ биржа савдолари орқали сотила бошланди.
 
Ваҳоланки, илгари аҳолининг унга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун давлат томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилардан ғаллани паст нархларда сотиб олиш механизми амал қилган. Бироқ шунга қарамасдан уннинг катта қисми чакана бозорларида воситачилар томонидан ўрнатилган устама билан бозор нархларида сотилаверилган. Бу эса ўз навбатида фермерлар ва дон корхоналарининг иқтисодий зарар кўриши, улар моддий-техника базаларини яхшилай олмасликлари, ҳосилдорликни оширишга бўлган рағбатнинг тушиб кетишига олиб келган.
 
Буғдой унининг сотилишида бозор механизмининг қўлланилиши натижасида харидорларни тўғридан-тўғри очиқ биржа савдоларида эркин иштирок этиши таъминланди. Биржада ун бўйича шаклланаётган нархлар тўғрисидаги маълумот эса ошкоралик тамойиллари асосида оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам равишда эълон қилиниб борилди.
 
Натижада маълум вақт ўтиши билан бозор қоидалари ўз сўзини айтди ва биржанинг буғдой уни бозорида мувозанат ўрнатилди. Хусусан, ўтган даврда биржа нархи I-навли уннинг бир тоннаси учун ўзининг максимал нуқтаси, яъни 2579 минг сўмдан 2319 минг сўмгача тушди. Котировкаларининг пасайиш даражаси 10% ни ташкил этди.
Кўриниб турибдики, товар бозорларида биржа механизмини қўлланилиши нархларни пасайишига ҳам олиб келиши мумкин. Биржа савдолари эса, ўз ўринда очиқлик ва шаффофлик ҳар қандай ёпиқ ва чегараланган тизимдан афзал эканлигини амалда кўрсатиб берди.
 
Шу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Товар хом-ашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан фақат биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг рўйхати кенгайтирилди.
 
Янги рўйхатга кўшимча тарзда техник мой, иситиш ёқилғиси, буғдой уни, омухта ем, ёқиш мазути, суюлтирилган газ, хўжалик совуни, нефть эриткичи, нефть парафини, нефть битуми ва мис купороси каби товарлар киритилди.
 
Йил мобайнида хорижий биржа ва ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш йўналишида ҳам талайгина ишлар давом эттирилди. Шу жумладан, 2019 йил февралда “ЎзРТХБ” АЖ Фьючерс бозорлари уюшмаси (AFM)нинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлиш биржа савдоларини ривожлантириш, фьючерс савдоларини ўрганиш ҳамда уюшма аъзолари билан янги алоқаларни ўрнатиш имкониятларини тақдим этди.
Россия ва Ўзбекистон Бош вазирлари даражасида қўшма комиссиянинг биринчи йиғилиши доирасида “Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси” АЖ ва “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди. “ЎзРТХБ” АЖ, “Трастбанк” ХАБ ва Россиянинг “Транскапиталбанк” ОАЖ  ва  “Азия Инвест Банк” АТБ тижорат банклари ўртасида уч томонлама меморандумлар имзоланди. Биржанинг халқаро савдо тармоғи эса Россия, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистонда очилган янги савдо майдончалари ҳисобига кенгайтирилди.
 
Пироварда, 2019 йилнинг 11 ойлик якунларига кўра биржа орқали экспортга сотилган товарларнинг умумий ҳажми ўтган йилга нисбатан 10 фоизга ўсиб, 126,1 млн АҚШ долларини ташкил қилди.
 
Йил якунига келиб, давлат харидлари тизимини янада ривожлантиришга доир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 декабрдаги “Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори ҳам қабул қилинди.
 
Мазкур қарорга мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб стратегик аҳамиятига эга бўлган буюртмачиларига электрон дўконнинг қўшимча саҳифасидан фойдаланган ҳолда, давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга ошириш ҳуқуқи берилади.
 
Эндиликда, маҳаллий тадбиркорлар ўзларининг ҳудудидаги давлат харидларидан кенгроқ фойдаланишлари, стратегик аҳамиятга эга бўлган буюртмачилар эса ўртадаги масофанинг яқинлиги эвазига кўшимча вақт ва пул маблағларини тежашлари мумкин бўлади.
 
Умуман олган 2019 йилнинг 11 ойлик якунларга кўра “ЎзРТХБ” АЖда жами 39,2 трлн. сўмлик битимлар тузилди ва бу 2018 йилнинг мос даври билан солиштирганда 37 фоизга кўпдир (2019 йил якунига кўра бу кўрсаткич янада кўтарилади).
 
Электрон савдолар ҳажмининг кескин ўсишига нафақат сотилаётган товарларнинг номенклатурасини кенгайиши, балки бизнес вакилларининг биржа ва аукцион савдоларда фаол иштирок этиши ҳисобига ҳам эришилган. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан биржада тузилган битимларнинг умумий қиймати 2018 йилнинг 11 ойига нисбатан 32 фоизга ўсиб 19,0 трлн сўмни ташкил этди. Бу эса уларни очиқ, шаффоф ва эркин савдолардан манфаатдор эканлигидан далолат беради.
 
Хулоса қилиб айтганда, якунланаётган 2019 йил мамлакатимизда ўз фаолиятини муҳим бозор инфратузилмаси сифатида юритиб келаётган UZEX биржаси учун катта ўзгаришлар йили бўлди. Энг асосийси йил давомида соҳада содир бўлган ўзгаришлар ва амалга оширилган ишларнинг барчаси юқорида зикр этилган ҳалоллик мезони асосида мамлакатимизни ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш каби муҳим мақсад сари йўналтирилган эди.
 

Кўрилди: 3648