Товар-хом ашё биржалар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди | Новости

09 Окт 2019
Биржа фаолиятини янада ривожлантириш ва нарх шакллантиришнинг бозор механизмларини яратиш, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни сотиб олишда тенг шароитлар яратиш ҳамда республикада биржа савдосини фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Президенти 2019 йил 8 октябрда “Товар-хомашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-4484 сонли қарорини қабул қилди.
 
Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон товар-хом ашё биржалар фаолиятини такомиллаштириш, либераллаштириш ва кенгайтириш орқали товар бозорларида бозор механизмларни жорий этиш, шаффофликни таъминлаш ва соф рақобатни ривожлантириш чоралари назарда тутилмоқда.
 
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилмоқда, шу жумладан:
 
- Монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан фақат биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг рўйхати кенгайтирилмоқда. Янги рўйхатга техник мой, иситиш ёқилғиси, буғдой уни, омухта ем, ёқиш мазути, суюлтирилган газ, хўжалик совуни, нефть эриткичи, нефть парафини, нефть битуми ва мис купороси каби товарлар киритилди;
 
- Техник чигит ва экстрактли пахта ёғи биржа савдолари харид қилиш бўйича чекловлар бекор қилинмоқда. Қарорга мувофиқ мазкур товарларнинг харидорлари мулкчилик шаклидан қатъий назар ушбу товарларни қайта ишлаш қувватига ва тегишли сертификатларга эга маҳаллий корхоналар ҳисобланади. Бундан аввал уларнинг харидорлари фақат “Ўзпахтаёғ” АЖ корхоналари ҳисобланган.
 
2020 йил 1 январдан қуйидаги тартиб белгиланмоқда:
 
- монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади;
 
- биржа савдоларига қўйилиши лозим бўлган, ички бозорда тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилинадиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулот тўғрисида маълумотлар мажбурий тартибда биржанинг расмий вебсайтига жойлаштирилади;
 
- товар-хом ашё биржаларида томонларнинг келишувига мувофиқ биржа савдолари қоидалари асосида чет эл валютасида импорт битимлари тузилиши мумкин.
 
Шу билан бирга, Қарор билан қуйидаги талаблар ўрнатилмоқда:
 
- 2019 йил 1 ноябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига биржа товарларини 1 ойдан ортиқ муддатга кечиктириб етказиб бериш шарти билан фовард шартномаларини жорий этиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини киритиш;
 
- товар-хом ашё биржаларининг вебсайтларида юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадвалларини жойлаштириш.
 
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига қуйидаги ҳуқуқлар тақдим этилади:
 
- Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда монополист корхоналар томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига мажбурий қўйиш бўйича қарорлар қабул қилиш;
 
- биржа савдолари қатнашчилари доирасини чегаралаб қўйишнинг олдини олиш учун биржа савдоларига қўйиладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг битта лот бўйича максимал ҳажмини қайта кўриб чиқиш юзасидан товар-хом ашё биржаларига кўрсатмалар бериш.
 
Мазкур Қарорнинг тўлиқ матни билан “ЎзРТХБ” АЖ расмий вебсайтининг Меъёрий-ҳуқуқий актлар бўлимида танишиб чиқишингиз мумкин. 
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 1115