Халқаро эксперт фьючерс савдолари бўйича семинар ўтказди | Новости

17 Окт 2019

2019 йил 17 октябрда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг марказий офисида фьючерс савдолари бўйича халқаро эксперт ва Чикаго товар биржаси (CME Group) нинг мутахассиси Александр Белозерцев иштирокида “Ўзбекистонда фьючерс шартномаларини жорий қилиш имкониятлари ва истиқболлари” мавзусида семинар ўтказилди. Анжуманни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий мутахассисларга фьючерс савдолари юзасидан маслахат бериш ва “ЎзРТХБ” АЖ да муддатли шартномаларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Анжуманда “ЎзРТХБ” АЖ мутахассислари ва трейдерлари, маҳаллий тадбиркорлар ва фермерлар, Ўзбекистон Республикасининг вазирлик ва идоралари вакиллари қатнашди. Мазкур семинар экспертлар ва мажлис иштирокчилари ўртасида эркин мулоқот шаклида ўтказилди. Тадбир доирасида журналистлар учун брифинг ҳам бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида “ЎзРТХБ” АЖ Бошқарув раиси в.в.б Зиёвиддин Бадриддинов хорижий меҳмон ва семинарнинг бошқа иштирокчиларини илиқ кутиб олиб, Ўзбекистонда замонавий биржа савдо воситаларини жорий этишда маҳаллий биржалар ва халқаро экспертлар ўртасида ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этди.

image

image

Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш шароитида биржа савдосини янада ривожлантиришнинг зарур босқичларидан бири дериватив молиявий воситалар, шу жумладан фьючерс шартномаларини жорий этиш ҳисобланади. Бугунги куннинг ушбу талаби нархларнинг кескин ўзгаришига мойил бўлган товар бозорлари учун алоҳида аҳамиятни касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига биноан тадбиркорларни, айниқса, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини бозор нархларининг ноқулай ўзгариши оқибатларидан муҳофаза қилиш имконини берувчи товар деривативалари, яъни фьючерс шартномаларини жорий этиш бўйича вазифалар белгиланган.

Мазкур вазифаларни бажариш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖ товар деривативлари бозорини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ҳар томонлама ўрганиш бўйича изчил ишларни олиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида “ЎзРТХБ” АЖ Фьючерс бозорлари уюшмасининг тўла ҳуқуқли аъзосига айланди (Association of Future MarketsAFM).

Мазкур ташкилотга аъзо бўлиш биржа учун фьючерс савдолари йўналишида янги имкониятларни очиб берди. Хусусан, уюшманинг барча аъзолари ва ҳамкорлари билан, шу жумладан фьючерс шартномалари бўйича дунёдаги энг йирик биржа – Чикаго товар биржаси (CME Group) билан ишбилармонлик алоқалари йўлга қўйилди.

image

image

Шунингдек, фьючерс бўйича йирик лойиҳани амалга ошириш Александр Белозерцев каби деривативлар бўйича халқаро эксперт ва мутахассислари билан доимий маслахатларни олиб боришни талаб этади. Шу муносабат билан, халқаро экспертнинг “ЎзРТХБ” АЖ га биринчи ташрифи, Ўзбекистонда замонавий молиявий воситаларни ўзлаштириш имкониятини баҳолаш, ҳамда фьючерс савдоларини жорий этиш хатарлари ва имкониятларини аниқлашга бағишланган.

Александр Белозерцев ўз нутқининг бошида ҳар бир мамлакатда фьючерс савдосини муваффақиятли йўлга қўйишниг энг муҳим шартлардан бири бу бозор иқтисодиёти тамойилларини ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳисобланади. Шу боис экспертнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда ҳукумат томонидан эркин бозор иқтисодиёти механизмларини жорий этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширилаётганлигини инобатга олган ҳолда, бу борада мамлакатимиз яхши бошланғич позицияга эга.

Тақдимот давомида мутахассис биржа фьючерслари бозорининг асосий иқтисодий функциялари, жумладан нархлаш, хежерлаш ва спекуляция каби вазифаларни белгилаб ўтди. Бозорнинг асосий иштирокчилари – ҳар бири ўз мақсадларини кўзлайдиган хежерлар, спекулянтлар ва арбитражерлар ҳисобланади. Агар хежерлар (фермерлар) ушбу механизмдан нархларнинг ўзгаришдан суғурта қилиш учун фойдаланса, спекулянтлар (тадбиркорлар) фойда олиш мақсадида ушбу хавфларни ўз зиммаларига оладилар. Бундай ҳолатда тадбиркор биржада нархларнинг ўсиши (буқалар) ёки пасайтириш (айиқларни) учун савдода қатнашиш мумкин. Шу сабабли, спекулятив операциялари нархларнинг ҳам ўсиши, ҳам пасайишига хизмат қилади. Ўз навбатида, арбитражёр ушбу активнинг нархлар турли бозорлардаги тафовутидан фойда кўради. Бинобарин, хежер деривативлар бозорини шакллантиради, тадбиркор унинг ликвидлигини, арбитражёр эса нархларнинг мувозанатини таъминлайди.

Шундай қилиб, фьючерслар орқали хавфларни муваффақиятли бошқариш ва иқтисодиётга кўпроқ бўш маблағларни жалб қилиш, бозордаги нархлар мувозанатни таъминлаш мумкин. Яна бир муҳим жиҳат – биржа битимлар бажарилишини кафолатлайди. Натижада, компаниялар ўз фаолиятини тўғри режалаштириш ва янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришга кўпроқ маблағ сарфлаш орқали умуман иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади. Ҳозирги вақтда Чикаго товар биржаси (CME Group) да ҳар йили ўртача 1 000 триллион АҚШ долларли 2 млрд битимлар тузилади. АҚШ нинг ялпи ички маҳсулоти эса 20,0 трлн АҚШ долларини ташкил этади ва бу фьючерслар бозорининг кўламини яққол кўрсатиб берувчи кўрсаткич ҳисобланади.

Ўзбекистонда келажакда мазкур бозор механизмидан фойдаланиш товар бозорларида нархларни янада барқарорлаштириш, корхоналар самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратиш орқали миллий иқтисодиётнинг янада ривожланишига туртки беради.

image

image

Тадбир доирасида “ЎзРТХБ” АЖ электрон биржа савдо тизими ва ҳисоб-китоб клиринг палатасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Халқаро эксперт биржа савдолари залига ташриф буюрди, реал товар ресурслари билан ўтказиладиган биржа савдоси амалиёти билан яқиндан танишиб, “ЎзРТХБ” АЖ савдо инфратузилмасига ижобий баҳо берди.

Тадбир якунида “ЎзРТХБ” АЖ биржа савдолари орқали сотиладиган асосий товар активлари бўйича фьючерс шартномаларини жорий этиш бўйича дастлабки лойиҳани биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.

Халқаро экспертнинг Ўзбекистонга ташрифи дастурига мувофиқ экспертлар гуруҳининг биргаликдаги ишлари давом эттирилади ва шу каби семинар “ЎзРТХБ” АЖ Самарқанд филиалида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

 

Маълумот учун: Александр Белозерцев – иқтисод фанлари номзоди, фьючерс савдоси бўйича халқаро эксперт. 90-йилларнинг бошларида у Чикагода жойлашган иккита биржада (The Chicago Board of Trade (CBOT) ва The Chicago Mercantile Exchange (CME) амалиёт ўтказган. Амалиётни якунланганидан сўнг, у бир нечта машҳур биржа компанияларининг (Cargill Investor Services Inc., Refco Inc. ва Sakura Dellsher Inc.) вакили ва Чикаго товар биржаси (CME Group) нинг МДҲ мамлакатлари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган.

Источник : Пресс-служба АО УзРТСБ

Курилди: 1309