Биржанинг ҳафталик товарайланмаси 41% га ўсди
2019 йилнинг 14 январдан 20 январгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 701,4 млрд сўмлик битимлар тузилди ва бу аввалги ҳафтага нисбатан 41% га кўпдир.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 473,2 млрд сўмдан 657,7 млрд сўмгача ошди. Сотувлар бўйича биринчи ўринни қурилиш материаллари ва пахта толаси эгаллаб, уларнинг улушлари ўзаро тенг, яъни 17% ни ташкил этди. Кейинги ўринда кимё маҳсулотлари -14% нефть маҳсулотлари 11%, чорва учун емлар - 7% улуш билан жойлашди.
Валюта савдо майдончаси орқали 3,4 млн АҚШ доллардан зиёдга тенг товарлар сотилди. Битимларнинг асосий қисмини пахта толаси – 56% ва полиэтилен – 25% билан эгаллашди. Учинчи ўринни 15% Гач II банд этди. Экспортнинг қолган қисмини саноат ва мотор мойлари эгаллашди.
Кўргазма-ярмарка савдо
Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми аввалги ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 70%га ўсди ва 10,4 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 8,0 миллиард сўмни ёки 77%ни ташкил қилди.
Тузилган битимларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 8,6 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Бухоро филиали 1,1 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Қашқадарё филиали 0,5 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.
Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 3,8 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қўрилиш моллари (1,1 млрд сўм), қора ва рангли металлар (0,9 млрд сўм) жой олди.
Авторақамлар бўйича онлайн аукцион
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 665 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси деярли 2,1 миллиард сўмни ташкил қилди.
Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 19% биринчи тоифадаги авторақамларга, 49% иккинчи ва 32% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.
Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 15% га тенг. Иккинчи ўринда Фарғона вилоятининг авто ҳаваскорлари 13% улуш билан жойлашди. Кейинги ўринларда Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, уларнинг улушлари мос тарзда 12% ва 10% ни ташкил қилди.
Давлат харидлари
Электрон давлат харидлари тизимида 31,1 миллиард сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар тузилди.
Ўтган давр мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 8,7 миллиард сўмдан ортиқ битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 22,3 миллиард сўмдан зиёдга тенг шартнома электрон тарзда имзоланди.
Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 19,1 миллиард сўмдан ортиқни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 11,9 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди.
Manbaa: "O'zRTXB" AJ PR bo'limi