Биржада экспорт бўйича рекорд кўрсаткич қайд этилди
Жорий йилнинг 27 августдан 2 сентябргача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 785,5 млрд сўмлик битимлар тузилди. Бу эса ўтган ҳафтадаги натижадан 43,6 %га ортиқ эканлигини кўрсатди.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 471,4 млрд сўмдан 689,2 млрд сўмга ошди. Сотувлар бўйича пахта толаси биринчи ўринни 39,2% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда қурилиш материаллари жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 22,6% ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 8,9% улуш билан газ ва полиэтилен, 8,7 % улуш билан нефть маҳсулотлари жойлашди.
Валюта савдо майдончаси орқали 8,9 млн АҚШ доллардан ортиқ қийматга тенг товарлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини катодли мис ва полиэтилен ташкил қилди. Уларнинг улуши мос равишда 30 ва 29 %га тенг. Кейинги ўринни 23 % улуш билан пахта толаси эгаллади. Рўйхатнинг кейинги қаторларини алюминий, саноат мойи, Гач II ва петролатум ташкил этди.
Жорий йилнинг 27 августидан 30 августигача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефт маҳсулотлари ва бошқа товарларга 123 та стандарт биржа контрактлари очилди.
Кўргазма-ярмарка савдо
Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 165% га кўтарилди ва 18,7 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 10,3 миллиард сўмни ёки 54,9% ни ташкил қилди.
Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 13,6 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Жиззах филиали 1,6 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Андижон филиали 1,0 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.
Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 2,6 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан маиший товарлар (1,3 миллиард сўм), эҳтиёт қисмлар (0,9 миллиард сўм) жой олди.
Авторақамлар бўйича онлайн аукцион
Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 543 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 1,6 миллиард сўмдан ошди.
Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 20% биринчи тоифадаги авторақамларга, 47% иккинчи ва 33% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.
Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 20% га тенг. Кейинги ўринда Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг авто ҳаваскорлари ҳар бири 13% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Фарғона вилояти авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши 9% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 45% га тенг.
Давлат харидлари
Электрон давлат харидлари тизимида 77,6 миллиард сўмлик битимлар тузилди. Бу эса аввалги ҳафта натижасидан 13,8% га ортиқ эканлигини кўрсатди.
Ўтган ҳафта мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 42,8 миллиард сўмлик битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 34,7 миллиард сўмдан ортиқ шартнома электрон тарзда имзоланди.
Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 28,0 миллиард сўмни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 49,6 миллиард сўмни ташкил этди.
Manbaa: "O'zRTXB" AJ PR bo'limi
Boshqa yangiliklar:
- Birja «Yashil makon» umummilliy dasturida faol ishtirok etmoqda
- UZEX haftalik dayjesti (18 - 24 - noyabr)
- Yangi birja vositalari bo‘yicha o‘quv seminarlari yakunlandi
- UZEX haftalik dayjesti (11–17–noyabr)
- UZEX haftalik dayjesti (4-10-noyabr)
- Hududlarda yangi birja vositalari bo‘yicha o‘quv seminarlari davom etmoqda