Ўтган ҳафтада биржа орқали 600 дан ортиқ авторақамлар сотилди
Жорий йилнинг 5 сентябрдан 8 сентябргача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 521,9 млрд сўмлик битимлар тузилди.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 689,2 млрд сўмдан 437,9 млрд сўмга тушди. Сотувлар бўйича қурилиш материаллари биринчи ўринни 32,5% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда пахта толаси жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 27,5% ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 6,3% улуш билан полипропилен, 5,3 % улуш билан кимё маҳсулотлари жойлашди.
Валюта савдо майдончаси орқали 672,7 минг АҚШ доллардан ортиқ қийматга тенг товарлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини полиэтилен ташкил қилди. Унинг улуши 59% га тенг. Кейинги ўринни 24% улуш билан саноат мойи эгаллади. Рўйхатнинг кейинги қаторини алюминий ташкил этди. Унинг улуши 17% ни ташкил қилди.
Жорий йилнинг 5 сентябрдан 8 сентябргача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефт маҳсулотлари ва бошқа товарларга 101 та стандарт биржа контрактлари очилди.
Кўргазма-ярмарка савдо
Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 9,0% га қисқарди ва 17,0 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 14,4 миллиард сўмни ёки 84,7% ни ташкил қилди.
Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Хоразм филиали 7,3 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Тошкент филиали 2,2 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Фарғона филиали 1,8 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.
Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни қора ва рангли металлар банд этди. Бундай маҳсулотлар 5,6 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари (2,6 миллиард сўм), кимё маҳсулотлари (2,3 миллиард сўм) жой олди.
Авторақамлар бўйича онлайн аукцион
Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 638 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 2,0 миллиард сўмдан ошди.
Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 21% биринчи тоифадаги авторақамларга, 55% иккинчи ва 24% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.
Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 19% га тенг. Кейинги ўринда Фарғона вилоятининг авто ҳаваскорлари 12% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Наманган вилояти авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши 10% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 59% га тенг.
Давлат харидлари
Электрон давлат харидлари тизимида 66,9 миллиард сўмлик битимлар тузилди.
Ўтган ҳафта мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 50,5 миллиард сўмлик битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 16,4 миллиард сўмдан ортиқ шартнома электрон тарзда имзоланди.
Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 35,4 миллиард сўмни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 31,4 миллиард сўмни ташкил этди.
Manbaa: "O'zRTXB" AJ PR bo'limi