«ЎзРТХБ» АЖ фаолиятининг 2018 йил I-чорак якунлари
2018 йилнинг I чорагида “ЎзРТХБ” АЖ да 5,87 трлн сўмлик битимлар тузилиб, ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 78% га ўсди. Шу жумладан, биржа савдо битимларининг ҳажми икки маротабага, яъни 5,5 трлн сўмгача кўтарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябридаги “Ёқилғи-энергетика ресурслари ҳамда бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш борасида рақобат муҳитини такомиллаштириш, суиистеъмолчиликлар ва талон-тарожликлар шароитини тугатиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги №ПҚ-3386 сонли Қарорига мувофиқ "ЎзРТХБ" АЖ да 27 номдаги юқори ликвидли маҳсулотларни очиқ биржа савдолари орқали босқичма-босқич сотилиши бошланди.
Шунингдек биржа фаолиятини янада ривожланишига Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 17 январдаги №ПҚ-3479 сонли “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январидаги №ПФ-5303 сонли “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Фармонини қабул қилиниши ўз кўмагини берди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралидаги №106-сонли “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти корхоналарида ишлаб чиқарилган пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш тўғрисида” ги Қарорига мувофиқ “Ўзпахтасаноат” АЖнинг пахта толаси ички бозор ва экспортга биржа савдолари орқали сотила бошлади.
Биржа савдо платформасида бир қатор товарлар бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан минерал ўғитлар – 11 маротабага, дизель ёнилғиси – 10 маротабага, қора металл – 5 маротабага, полипропилен – 24% га ва полиэтилен – 7% га кўтарилди. Сотилган товарлар таркибининг катта қисмини кимё ва нефть-кимё маҳсулотлари – 21%, қурилиш моллари – 18%, қора ва рангли металлар – 15% билан эгаллашди.
2018 йилнинг I чорагида берилган аризаларга мувофиқ 2,5 мингдан зиёд товар позициялари листинг жараёнидан ўтиб, улар бўйича стандартлаштирилган биржа шартномалари очилди. Валюта савдо майдончасида полиэтилен, пахта толаси, қизилмия илдизи ва қуруқ экстракти, бетон аралашмаси, рангли металлар, суюлтирилган газ ва петролатум бўйича 63 та экспорт позициялари очилди.
Биржа товарлари ҳажмини ошиши ва уларнинг номенклатурасини кенгайиши, ҳамда биржада яратилган қулайликлар эвазига 24 мингта янги мижозлар рўйҳатдан ўтди ва бу ўтган йилнинг I-чорагига нисбатан 9 маротабага кўпдир. Биржа савдоларида соф бозор нархларини шаклланиши эвазига сотувчи корхоналар 918 млрд сўмлик қўшимча даромад олишди.
Бизнеснинг биржа ва аукцион савдоларида фаол иштирок этиши ҳисобига электрон савдоларнинг ўсишига эришилди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий қиймати 2017 йилнинг I-чорагига нисбатан 31% га ўсиб, 2,9 трлн сўмни ташкил этди. Яъни тадбиркорлар биржа орқали 2,4 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 510 млрд сўмлик маҳсулот сотдилар.
Ҳисобот даврида кўргазма-ярмарка савдолари тизимида 308,1 млрд сўмлик 7,1 мингта битимлар тузилди. Харидларнинг катта қисми яъни 37% кимё маҳсулотларига, 19% – металл маҳсулотлари ва 7% – қурилиш молларига тўғри келди.
Биржанинг валюта савдо майдончаси ва электрон дўкони орқали 23,8 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди. Шу жумладан биржа савдолари орқали экспортга пахта толаси (улуши – 37%), полиэтилен (31%), нефть гачи ва саноат мойлари (6% дан) сотилди.
2018 йилнинг I-чорагида онлайн аукционлар орқали 734 та авторақамлар, шу жумладан 544 таси жисмоний шахсларга, 190 таси юридик шахсларга сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий киймати 12,1 млрд сўмдан ошди. Кўрсатилган даврда тузилган битимнинг ўртача қиймати 16,5 млн сўмни ташкил этди.
Харидорларнинг таркибий тузилмасида етакчи ўрин, яъни бозорнинг 40% ни Тошкент ва Тошкент вилоятининг автотранспорт эгалларига тегишли. Кейинги навбатда Самарқанд ва Фарғона вилоятлари (11% дан), учинчи ўринда Наманган ва Андижон вилоятлари (6% дан) нинг харидорлари жойлашган.
Кўриб чиқилаётган даврда AVTORAQAM электрон тизимида ҳар куни ўртача 11 та битим тузилган. Ўтказилаётган рақобатли савдолар жараёнида авторақамларнинг олий тоифаси бўйича ўртача 11 та талабномалар келиб тушса, уларнинг иккинчи тоифасига – 22 та ва учинчиси бўйича – 3 дан зиёд нарх таклифлари берилган.
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида “ЎзРТХБ” АЖ да тадбиркор ва фермерларнир қўллаб-қувватлаш бўйича туну-кунлик Ахборот хизмати яратилди, ҳамда вилоятларда тадбиркорлар, табиий монополия субъектлари, жойлардаги ҳокимият ва бошқарув органлари вакиллари иштирокида “Товар бозорларини либераллаштириш – фаол тадбиркорликни ривожлантириш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлашнинг бош омили” мавзусида семинарлар ўтказилди.
Manbaa: "O'zRTXB" AJ PR bo'limi