Ўтган ҳафта натижаларига кўра ички бозор савдолари пасайди, бироқ экспорт савдолари кўтарилди | Новости

07 Май 2014

28 апрелдан 4 майгача бўлган давр ичида ЎзРТХБда тузилган битимларнинг умумий ҳажми 164,0 млрд сўмдан 142,8 млрд сўмгача камайган. Биржа бозори савдоларнинг умумий кўрсаткичига сезиларли даражада ўз таъсирини ўтказиб келмоқда ва май ойининг бошида унинг ҳажми камайди. Давлат харидлари электрон савдоларида сўнги уч ҳафта давомида ўсиш динамикаси сақланиб қолмоқда. Экспорт савдолари ҳам нисбатан кўтарилди.

Биржа савдолари
Ўтган ҳафтада биржа савдолари орқали сотилган товарларнинг ҳажми 21,0 млрд сўмга қисқарган ва 107,4 млрд сўмни ташкил этган. Савдо ҳажмларининг сезиларли даражада ўзгарганига қармасдан, сотилган товарлар тузилмаси деярли ўзгармади. Одатдагидай етакчи ўринларда 62%га тенг улуши билан қурилиш моллари ва озиқ овқат маҳсулотлари туришибди.

Ички бозордан фарқли ўлароқ, экспорт савдолари сезиларли даражада ўсиш динамикасини намоён этди. Жумладан, валюта савдо майдончасида тузилган битимларнинг ҳажми 2,0 млн АҚШ доллардан 3,8 млн АҚШ долларгача ошган. Экспорт бозорининг қарийб 90%ни Шўртан ГККда ишлаб чиқарилган полиэтиленнинг плёнка ва пуфланиладиган маркалари эгалладилар. Ўз ўрнида, суюлтирилган газ ва цементнинг улушлари мос равишда 8% ва 1%ни ташкил этди.

Кўргазма ярмарка савдолари
Ўтган савдо ҳафталиги натижаларига кўра кўргазма ярмарка савдоларида тузилган битимлар ҳажми 4,2%га камайган ва 18,1 млрд сўмни ташкил этган. Ушбу қисқариш маҳаллий савдоларнинг фаоллигини сусайиши билан боғлиқ бўлиб, 18,8 млрд сўмдан 14,0 млрд сўмгача камайган.
Бироқ, экспорт йўналишида ижобий динамика кузатилган. Экспорт битимларининг ҳажми 99,1 млн сўмдан 4,2 млрд сўмгача кўтарилган. Бундан ташқари, кичик бизнес субъектлари томонидан сотилган товарларнинг ҳажми 7,6 млрд сўмдан 12,2 млрд сўмгача ошган.
Юқори талабга эга бўлган товарлар гуруҳи қуйидаги тартибда жойлашдилар: металлургия маҳсулотлари (7,2 млрд сўм); қурилиш моллари (2,8 млрд сўм); кабель-ўтказгич маҳсулотлари (2,2 млрд сўм). Ҳафтанинг учта энг йирик битимлари Тошкент филиалида тузилди.

Давлат харидлари
Ўтган ҳафта давомида давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг ҳажми 11%га ошган ва 11,1 млрд сўмни ташкил этган. Ушбу ҳолат савдо иштирокчиларининг миқдори 3604дан 3817гача ташкилотга ошиши сабаб бўлган ва улар томонидан олдинги ҳафтага нисбатан 1579-та кўп битим тузилган. Шу билан бирга бюджет маблағларини тежалиши 2,5 млрд сўмгача кўтарилган. Тузилган битимларнинг умумий ҳажмида кичик бизнес субъектларининг улуши 97% ни ташкил этди.
Битимларни тузилиши ва бюджет маблағларини тежалиши бўйича энг яхши кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилди.
Битимларнинг ҳажми бўйича иккинчи ва учинчи ўринларни Қорақолпоғистон Республикаси ва Фарғона вилояти, маблағларни тежаш бўйича эса Бухоро ва Фарғона етказиб берувчилари эгалладилар.
Ҳафтанинг энг йирик битимининг ҳажми 149,4 млн сўмга тенг бўлиб, Навоий вилоятида факоэмульсификаторни етказиб бериш бўйича тузилган. Тухум етказиб беришга тегишли буюртмада 31та таклиф келиб тушган, бу ҳафтанинг энг юқори кўрсаткичи ҳисобланади.

Корпоратив харидлар
Корпоратив харидлари узоқ давом этган ўсишдан сўнг, ўтган ҳафтада 6,6 млрд сўмдан 6,2 млрд сўмгача пасайди. Пул маблағларини тежалиши ҳам 2,1 млрд сўмдан 1,3 млрд сўмгача камайган, бу электрон харидларнинг бошланғич баҳосидан 18% ни ташкил этади.
Шу билан бирга, савдо иштирокчилари томонидан 311-битимлар тузилган. Ушбу битимлар бўйича ўртача 6-таклиф келиб тушган ва уларнинг энг кўп сони 26-гача етган. Ҳафтанинг энг йирик битимининг ҳажми 497,6 млн сўмга тенг бўлиб, Тошкент шаҳрида тузилган.
Ҳудудий тузилмада ҳафта натижаларига кўра сезиларли даражада ўзгаришлар содир бўлди. Хусусан, пойтахтда тузилган битимларнинг ҳажми 25%га камайган, бу унинг улушини 57%дан 40%гача камайишига олиб келди.
Сотилган товарларнинг ҳажми қарийб икки карра ошганлиги сабабли Қашқадарё вилоятининг улуши 8%дан 19%гача ўсган. Мос равишда Бухоро вилоятининг улуши 6%га ёки 14%гача ўсиб, амалга оширилган битимларнинг ҳажми бир ярим карра кўтарилди. Савдо ҳажмларининг энг юқори ўсиши Жиззах вилоятига тўғри келди.

Курилди: 8352