ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ | Объявления

11 Окт 2020
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли журналист ва шоир Саъдулла Ҳакимовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оғир жудоликка учраган оила-аъзолари ва яқин қариндошларига чуқур таъзия изҳор этамиз.
 
Саъдулла Ҳакимов 1951 йил 25 мартда Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган.
 
1977 йили Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган. Ўзбекистонда социал таъминот” журнали масъул котиби, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бўлим мудири, “Ўзбекистон овози” газетаси бўлим мудири, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси масъул котиби, “Маърифат” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ахборот маркази раҳбарининг ўринбосари, раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари, “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлиги бош директори, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири лавозимларида ишлаган.
 
2016 йилнинг 29 декабридан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси лавозимида ишлаб келди.
 
С.Ҳакимов қаерда ишламасин, самимий ва жонкуяр инсон, меҳнатсевар ва ташкилотчи раҳбар сифатида из қолдирди. Ундан кўплаб публицистик асарлар, гўзал шеърий тўпламлар қолди.
 
С.Ҳакимов Ватан ва юрт олдидаги хизматлари учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони (2002йил), “Меҳнат шуҳрати”ордени(2019 йил) билан тақдирланган.
 
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатимизнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувида ижодий уюшмаларга ҳомийлик қилиш бўйича йирик ишлаб чиқариш ва хўжалик бирлашмалари, компанияларнинг таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланган. 
 
Шу жумладан, Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоялар асосида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ўртасида “Дўстлар клуби” ташкил этилган эди. 
 
С.Ҳакимов бошчилигида журналистлар ва биржа ўртасида йўлга қўйилган ушбу самарали ҳамкорлик ўтган даврда самимий дўстлик даржасига кўтарилган эди ва ушбу хайрия ишлари кейинчалик ҳам, албатта, давом эттирилади.
 
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси барча ходимлар, брокерлик идоралари, савдо майдончалари ва трейдерлар номидан марҳумнинг оила-аъзолари ва яқин қариндошларига ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ходимлари ва “Дўстлар клуби” аъзоларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдиради.
 
Марҳумнинг охиратларини обод қилиб, яқинларига сабр берсин!
 

Курилди: 6449