Ўтган ҳафтада ЎзРТХБ да 145 та янги шартномалар очилди | Новости

06 Мар 2018

Жорий йилнинг 26 февралидан 4 мартигача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да  436,5 млрд сўмлик битимлар тузилди. Сотув ҳажмлари кўрсаткичининг ўсиши авторақамларни сотиш бўйича тузилган онлайн платформасида қайд этилди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 545,8 млрд сўмдан 417,6 млрд сўмгача камайди. Қурилиш моллари биржа бозорининг 38% ни эгаллаб, етакчиликни сақлаб келмоқда. Кейинги ўринларда озиқ-овқат ва нефть маҳсулотлари жойлашиб, уларнинг улушлари мос равишда 13% ва 10,4% ни ташкил этди.

Валюта савдо майдончасида 3,05 млн АҚШ долларлик полиэтилен, техник мойлар, нефть гачи, петролатум ва алюминий қотишмалари сотилган. Бунда полиэтиленнинг биржа экспорт бозоридаги улуши 63% ни ташкил қилди.

Ўтган ҳафтада биржанинг Листинг комиссияси томонидан минерал ўғитлар, қурилиш моллари, қора металл прокати ва бошқа товарлар бўйича 145 та стандарт биржа шартномалари очилди.

 

Кўргазма-ярмарка савдолари

Ўтган ҳафтада кўргазма-ярмарка савдолари тизимида 15,8 млрд сўмлик 690 та битим тузилди. Бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан 8,5 млрд сўмлик товар сотилган бўлиб, бу ярмарка савдоларида тузилган барча битимларнинг 53,5% ни ташкил этади.

Товарларнинг сотилиши бўйича етакчи ўринни анъанавий равишда 69,6% билан биржанинг Тошкент филиали эгаллади. Наманган филиали томонидан 3,4 млрд сўмлик битимлар тузилди. Учинчи ўринга 1,1 млрд сўмлик натижа билан Бухоро филиали эришди.

Сотилган товарлар таркибида биринчи ўринни кимё саноати маҳсулотлари эгаллаб, уларнинг сотиш ҳажми 10,4 млрд сўм ва улуши 65,8% ни ташкил этди. Кейинги ўринларни машинасозлик маҳсулотлари – 6,3% ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари – 4,4% билан эгаллаган.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукционлар орқали 119 та автомобиль рақам белгилари сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан икки маротабага кўпдир. Булардан 104 таси жисмоний шахсларга, 15 таси юридик шахсларга сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 3 млрд сўмни ташкил қилиб, аввалги ҳафта кўрсаткичига нисбатан уч маротабага кўпдир.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг деярли 80% олий тоифадаги авторақамларга, 13,4% битимлар 2 тоифа авторақамлар ва 6,8% битимлар 3-тоифа авторақамлар бўйича тузилган.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти автоҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 67% га етди. Кейинги ўринларни Фарғона вилояти – 10% ва Самарқанд вилояти харидорлари 7,5% улуш билан эгаллади. Қолган вилоятларнинг умумий улушлари 15,5% ни ташкил этди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 1758